30 Ноябрь -0001
Кадрлар бошқармаси

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг

Кадрлар бошқармаси тўғрисида

НИЗОМ

 

I. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Кадрлар бошқармаси (бундан буён матнда Бошқарма деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги марказий аппаратининг таркибий тузилмаси бўлиб, бевосита Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирига (бундан буён матнда вазир деб юритилади) бўйсунади.

2. Бошқарма ўзининг фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (бундан буён матнда Вазирлик деб юритилади) тўғрисидаги Низом, Вазирлик Ҳайъатининг қарорлари, вазир буйруқлари, фармойишлари, шунингдек, мазкур Низомга амал қилади.

3. Бошқарма ўз фаолиятини амалга оширишда ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришда ўз номи туширилган муҳрдан фойдаланади.

II. Бошқарманинг вазифалари ва функциялари

4. Қуйидагилар бошқарманинг асосий вазифа ва функциялари ҳисобланади:

замонавий талаблар ҳамда давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги жараёнларни ҳисобга олган ҳолда, вазирлик ва унинг тасарруфидаги ташкилотларнинг (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни тегишли манфаатдор бошқармалар билан ҳамкорликда қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этиш;

вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган лавозимларига (кейинги ўринларда номенклатура деб юритилади) маданият соҳасига давлатимиз томонидан берилаётган эътибордан келиб чиққан ҳолда ташкилотларнинг раҳбарлари билан ҳамкорликда ушбу йўналишларда етарли билим ва тажрибага эга, мавжуд имкониятларни тўғри баҳолай оладиган, соҳани ривожлантиришга ҳар жиҳатдан муносиб бўлган ташаббускор, салоҳиятли номзодларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш юзасидан ўрнатилган тартибда вазирга таклифлар тайёрлаш;

ташкилотларни малакали ходимлар билан таъминлаш, мутахассисларнинг билим ва тажрибаларидан тўла фойдаланиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш,
лаёқатли ва умидли ёшларни раҳбарлик ишларига жалб этиш бўйича чоралар кўриш;

вазирлик томонидан олиб бориладиган ягона кадрлар сиёсатини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда иштирок этиш;

ваколат доирасида вазирлик марказий аппарати ва ташкилотларнинг раҳбарлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ заҳира тайёрлаш;

ваколат доирасида ходимларнинг шахсий ҳужжатлари йиғма жилдини юритиш ҳамда уларнинг фаолиятини таҳлил қилиш ва баҳолашда иштирок этиш;

тармоқ ходимларини аттестациядан ўтказиш, услубий таъминлаш ва ташкил этишда қатнашиш;

вазирлик марказий аппарати ходимларини, тегишли раҳбарларни ишдаги ютуқлари учун рағбатлантириш ёки йўл қўйган камчиликлари учун ўрнатилаган тартибда чоралар кўришга оид таклифлар тайёрлаш;

алоҳида хизмат кўрсатган ходимларни Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларига тавсия этиш юзасидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштиш;

ташкилотларнинг Кадрлар бошқармаси ваколатига тааллуқли ҳисоботларини қабул қилиш ва уларни умумлаштириш;

бошқарманинг фаолиятига оид ариза, шикоят ва мурожаатларини кўриб чиқиш;

вазирлик тизимидаги ташкилотларнинг раҳбар ва масъул ходимларини ўқитишни, малакасини оширишни ташкил этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

ташкилотларга ўз фаолияти юзасидан амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш;

вазирлик марказий аппарати ва ташкилотлар ходимларининг моддий ва ижтимоий таъминоти тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқишда қатнашиш;

ходимларни меҳнат интизоми, ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя этишлари устидан назорат олиб бориш;

меҳнат интизоми, ички тартиб қоидалари бузилган ҳар бир ҳолатни чуқур ва холисона кўриб чиқилишини таъминлаш;

ходимларнинг меҳнат дафтарчалари, хизмат гувоҳномалари ва шахсий таркибга оид ҳужжатларини белгиланган тартибда юритилишини таъминлаш;

кадрлар ишини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

бошқарма ўз ваколатлари доирасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифа ва функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

III. Бошқарманинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

 

5. Бошқарма зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариши учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирлик марказий аппарати ва ташкилотларда кадрлар билан ишлашнинг умумий аҳволини таҳлил ва назорат қилиш;

тармоқ ходимларини аттестациядан ўтказиш бўйича вазирга таклиф киритиш;

бошқарма ваколатларига тегишли масалалар юзасидан қонунчиликда кўзда тутилган чораларни қўллаш;

вазирлик марказий аппарати ҳамда ташкилотлардан кадрлар заҳирасига оид ҳужжатларни талаб қилиб олиш;

тизимдаги ўқув муассасаларидан битирувчилар тўғрисидаги маълумотларни талаб қилиб олиш;

ташкилоталарнинг бошқарма ваколатига тааллуқли ҳисоботларини йиғиш;

вазирлик марказий аппарати ва ташкилотларнинг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда қатнашиш;

ваколат доирасида тегишли ходимларнинг шахсий йиғма жилдини шакллантириш учун зарур ҳужжатлар ва маълумотлар талаб қилиш;

ўз фаолияти бўйича ташкилотларга тавсиялар бериш;

лавозимларга тавсия этилган, танланган номзодларни ўрганиш натижалари бўйича, шунингдек, ходимларни давлат мукофотлари ва бошқа турдаги рағбатлантиришларга тавсия этиш, интизомий жазо қўллаш масалалари бўйича белгиланган тартибда раҳбариятга таклиф киритиш;

вазирлик марказий аппарати ва ташкилотларнинг фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган тегишли бўлинмалар ташкил этиш, уларни қайта ташкил этиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг низомларини ишлаб чиқишда қатнашиш;

хизмат юзасидан ўрганишлар ва мониторинг олиб бориш;

кадрлар ҳисобини юритиш, кадрлар заҳирасини шакллантириш ва тўлдириб бориш фаолиятини замон талабларига мос бўлишини таъминлаш учун амалий чоралар кўриш;

ходимларнинг ишлаш тўғрисидаги маълумотномалар бериш;

ходимларнинг имзоларини тасдиқлаш;

Кадрлар билан ишлашда маҳфийликни таъминлаш мақсадида кадрларга оид хужжатларни хатларни боқармада сақланадиган қайдлар китобига расмийлаштириш (кирим ва чиқишни расмийлаштирадиган) ва тегишли ташкилотларга етказиш ҳамда ходимлар тўғрисида тегишли ташкилотлардан ёзма ва оғзаки маълумотлар сўраш;

бошқарма ўз номи давлат тилида кўрсатилган муҳрга эга бўлади.

Мазкур низом билан белгиланган вазифалар лозим даражада бажарилмагани учун жавобгарлик белгиланади.

 
IV. Бошқарма фаолиятини ташкил қилиш

 

6. Бошқарма фаолиятига белгиланган тартибда вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бошқарма бошлиғи раҳбарлик қилади. Бошқарма бошлиғи бир нафар ўринбосар ва бир нафар бош мутахассисга эга. Бошқарма бошлиғининг ўринбосари ва бош мутахассис вазир томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

7. Бошқарма фаолияти ходимларнинг лавозим йўриқномасида белгиланадиган меҳнат тақсимотига асосан амалга оширилади.

8. Бошқарма ходимлари ўз фаолиятини лавозим йўриқномасига мувофиқ амалга оширадилар.

9. Шахсий йиғма жилдлар билан танишишга Бошқарма бошлиғининг розилигига асосан рухсат этилади.

10. Бошқарма ходимларининг лавозим йўриқномаси вазир томонидан тасдиқланади.

11. Бошқарма ходимлари ўзларининг хизмат вазифаларини бажариш вақтида, юклатилган ваколатлар доирасидан четга чиққанликлари, шунингдек, ҳуқуққа хилоф ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлиги, хизмат (лавозим) вазифаларини бажармаганликлари ёхуд лозим даражада бажармаганликлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда интизомий ёки бошқа жавобгарликка тортилади.

 

Кадрлар бошқармаси бошлиғининг

лавозим йўриқномаси

 

 

I. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур лавозим йўриқномаси Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Кадрлар бошқармаси (бундан буён матнда Бошқарма деб юритилади) бошлиғининг лавозим мажбуриятлари, ҳуқуқлари ва жавобгарликларини белгилаб беради.

2. Бошқарма бошлиғи белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг (бундан буён матнда вазир деб юритилади) буйруғига кўра, лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

3. Бошқарма бошлиғи лавозимига олий маълумотли, соҳада камида уч йиллик иш стажига эга бўлган, мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатида содир бўлаётган янгиликлардан хабардор бўлиб борадиган, соҳага оид норматив ҳуқуқий ҳужжатларни тушунган, етарли билимга эга бўлган шахс тайинланиши мумкин.

4. Бошқарма бошлиғи иш юритишнинг замонавий воситаларидан (компьютер, факс, ксерокс, сканер, интернет) фойдаланишни билиши талаб этилади.

5. Бошқарма бошлиғи бошқарманинг фаолиятига якка бошчилик асосида умумий раҳбарлик қилади ҳамда вазирга бўйсунади.

 

II. Лавозим мажбуриятлари

 

6. Бошқарма бошлиғи ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, вазирнинг буйруқлари ва фармойишларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (бундан буён матнда вазирлик деб юритилади) марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият бошқармалари ҳамда Республика ташкилотлари ва уларнинг тасарруфидаги (худуддаги) (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) кадрларга оид ишларни бошқарма ҳодимлари иштирокида олиб боради.

8. Қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкилотлар билан биргаликда вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган лавозимларига (кейинги ўринларда номенклатура деб юритилади) номзодлар
танлаш, тайинлаш, жой-жойига қўйиш ва уларга истиқболли кадрлар заҳирасини шакллантириб, белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун вазирга тавсия киритади.

9. Кадрлар хизмати иши бўйича тажрибаларни умумлаштириш ва оммалаштиришни ташкил этади.

10. Ташкилотларнинг кадрлар хизмати фаолияти тўғрисида вазирга ахборот беради ва таклифлар киритади.

11. Ташкилотлар ишини такомиллаштириш, мутахассисларнинг иш ва касбий кўникмаларини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ҳамда вазирга киритади, мазкур масала бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишини ташкил қилади.

12. Қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкилотларнинг раҳбар ходимларини аттестациясини ташкил этишда иштирок этади. Аттестациядан ўтказиш масалаларида услубий ёрдам кўрсатади.

13. Жойларда бошқарма ваколатига кирувчи масалалар бўйича ўрганишлар ташкил этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ва уларда иштирок этади ҳамда амалий ёрдам кўрсатади.

14. Вазир топшириғига асосан Кадрлар фаолиятига доир ишлар юзасидан юқори ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлайди.

15. Ўзбекистон Республикаси Президенти номенклатурасига олинган лавозимларга ваколат доирасида захира шакллантириб, вазирга тақдим қилади.

16. Вазирлик марказий аппарати ходимларининг таътилга чиқиши бўйича ходимлар билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган жадвални вазир тасдиғига киритади.

17. Давлат мукофотларига тавсия этилган маданият ва санъат соҳаси намояндаларининг ҳужжатларини ўрнатилган тартибда талаб даражасида вазирлик комиссиясига тақдим этилишини таъминлайди.

18. Бошқарма ваколати доирасига кирувчи масалалар бўйича вазирликка кирувчи ҳужжатларни кўриб чиқади, чиқувчи ҳужжатларни ва ўз йўналиши бўйича тайёрланган материалларни имзолайди.

19. Вазирлик буйруғини талаб этмайдиган, ўз ваколати доирасидаги ҳужжатларни тегишли ташкилот ва бошқармаларга кўриб чиқиш учун жўнатади.

20. Белгиланган тартибда лавозимга тавсия этилаётган номзодни тайинлаш учун тегишли ҳужжатларни тайёрлайди.

21. Бошқарма ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди ва ишнинг ташкиллаштирилишини назорат қилади.

22. Бошқарманинг иш режаси лойиҳасини ишлаб чиқади, тасдиқлаш учун вазирга киритади.

23. Иш давомида ёзув қоғозидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланади.

24. Бошқарма ходимларининг самарали меҳнат қилишлари учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқади.

25. Бошқарма таркибини ҳамда фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди, бошқарма фаолиятига оид муҳим масалалар ҳақида вазирга мунтазам равишда ахборот беради.

26. Ходимларнинг ички меҳнат тартиби, меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик техникаси, ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига риоя этишларини назорат қилади.

27. Бошқарма ходимларига юклатилган вазифаларни мувофиқлаштириб боради.

28. Раҳбарият топшириғига асосан хизмат сафарларига боради.

29. Жамоа ва меҳнат шартномалари шартларига амал қилади.

30. Ички меҳнат тартиби, меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик техникаси қоидалари талабларига риоя қилади.

31. Мазкур лавозим йўриқномасида баён қилинган зиммасига юклатилган вазифаларни бажаради.

32. Ўз билимларини доимо такомиллаштириб, соҳага оид қабул-қилинаётган янги меъёрий-ҳуқуқий хужжатлар талабларини ўрганиб боради.

33. Вазирликнинг обрўси ва шаънига путур етказиши мумкин бўлган ахборотларни ва кадрлар юзасидан олиб борилаётган маълумотларнинг махфийлигини таъминлайди.

34. Вазирликнинг аппарат мажлислари ва Ҳайъат йиғилишларида иштирок этади.

35. Қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифалар ҳам юклатилиши мумкин.

III. Ҳуқуқлари

36. Вазирлик марказий аппарати ва номенклатурадаги тизим ташкилотлари ходимларини лавозимга тайинлаш, лавозимдан озод этиш, малакасини ошириш, рағбатлантириш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўриш бўйича вазирга таклифлар киритади.

37. Вазирлик марказий аппаратида меҳнат самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар тайёрлайди.

38. Қонун ҳужжатларига мувофиқ кадрлар масалаларига оид ишлар юзасидан вазирлик марказий аппарати бошқармалари ва ташкилотлардан маълумотлар олади.

39. Меҳнат қонунчилиги асосида ходимларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш, шунингдек, алоҳида ҳолатларда уларга нисбатан чора кўриш ва рағбатлантириш юзасидан таклифлар киритади.

40. Бошқарма ходимлари меҳнатини тўғри ташкил этиб, бошқармага юклатилган вазифаларни бошқарма ходимлари ўртасида тақсимлайди ва уларни бажаришлари устидан назорат қилади.

41. Вазирликда ва тизим тошкилотларида соғлом муҳитни шакллантириш иш самарадорлигини оширишда мақсадли чора тадбирлар юзасидан раҳбариятга таклифлар киритади.

42. Ходимларнинг сўровига мувофиқ уларнинг вазирликда ишлашлари тўғрисидаги тегишли маълумотларни имзолайди ва тақдим қилади ҳамда меҳнат дафтарчаларига тегишли ёзувларни киритади.

43. Вазирлик марказий аппарати ходимларининг ишлашлари тўғрисидаги маълумотномаларни беради ва ходимларнинг имзоларини тасдиқлайди.

44. Бошқарма ходимларидан меҳнат интизомини бузганлик, юклатилган вазифаларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик ҳолатлари юзасидан тушунтиришлар олади.

45. Бошқарма бошлиғи бошқарма номи туширилган муҳрдан фойдаланади.

46. Қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларни амалга аширади.

 

 

IV. Жавобгарлиги

 

47. Бошқарма бошлиғи ўзига юкланган лавозим мажбуриятлари тўлақонли бажарилиши учун жавоб беради.

48. Фойдаланиш учун ўзига топширилган мебель, хона жиҳозлари, ташкилий ва маиший техникадан оқилона фойдаланилиши ҳамда уларни бут сақланишига масъулдир.

49. Ўзи иш олиб борадиган хонада ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинишини таъминлайди.

50. Бошқармага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши ҳамда бошқармада ҳужжатлар билан ишлаш, уларни белгиланган тартибда сақланишини таъминлашга шахсан жавоб беради.

 

51. Мазкур лавозим йўриқномаси ва бошқа қонун ҳужжатларига асосан зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ чоралар қўлланилишига сабаб бўлади.

Oxirgi yangilanish: 18.10.2017 | 16:17