21 Июль 2017
Навоий вилоят тарихий-ўлкашунослик музейи

Ўзбекистон Республикаси  Мустақиллигининг илк йилларида, яъни 1992-йил 31-декабрида  вилоят ҳокимлигининг “Вилоят тарихий-ўлкашунослик музейини ташкил этиш тўғрисида”ги №12/284-сонли қарори қабул қилинди. Шунга  асосан (ҳозирги) Хотира хиёбони мажмуаси ҳудудидан  бино ажратилиб, капитал реконструкция ва  қурилиш  ишлари амалга оширилди ҳамда, Садоқат кўчаси 17-уйида вилоят музейи ташкил этилиб, хизмат кўрсатилиб келинмоқда. Музей фондида 5238 та экспонатлар бўлиб, улар доимий равишда   экспозицияларда ва кўргазмаларда тегишли мавзуларга мослаштирилиб, томошабинлар эътиборига намойиш этилмоқда

Мустақиллик бўлимида, юртимизнинг 25-йил давомида эришган ютуқлари ва вилоятимизда  амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари тўғрисидаги материаллар намойиш этилган. Экспозицияда замонавий иншоотлар- Камолот ёшлар маркази, Ёшлар спорт мажмуаси каби яна кўплаб шаҳримиз чиройига кўрк қўшган кўчалар кўриниши билан уйғун ҳолда маданият ва санъат соҳасида эришган ютуқларимиз, ҳунарманд ва  рассомларимиз ижодий ишларидан намуналар акс эттирилган. Вилоятимиз буюк  мутаффаккир ва   давлат арбоби Алишер Навоий номи билан аталганлиги учун   шоир ҳаёти ва фаолияти кенг ёритилган. Шоирнинг дунёга машхур бўлган девонлари, ғазал ва  шеърий тўпламларидан намуналар, унинг асарларига ишланган миниатюралардан лавхалар қўйилган.

Табиат бўлими

•Навоий  вилояти Республикамиздаги ўзига хос бошқа бирорта вилоятда учрамайдиган ноёб ва турфа-хил табиатга эга ҳудуд ҳисобланади. Вилоят худуди табиий шароитга кўра  уч қисмга бўлинади. Вилоятнинг шимолий- ғарб қисмини Қизилқум чўллари эгаллаган , шимолий-шарқ қисмида Нурота тоғ тизмаларига тегишли Қоратоғ,Оқтоғ сингари тоғлар бўй чўзган бўлса, Зарафшон дарёси вохасининг ўрта қисмида вилоятнинг деҳқончилик зонаси ўрнашган. Ушбу бўлимда  юқорида кўрсатиб ўтилган табиат тарихи ва бугунги ҳолати тўғрисида қизиқарли маълумотлар билан  ёритиб берилган. Айниқса, ёввойи ғоз,ўрдак, Амударё катта курактумшуқ балиқи, тустовуқ каби жониворлар тулуплари томошабинларга кенг ва қизиқарли экскурсиялар орқали тушунтирилмоқда. ЭКО ҳаракат, вилоят экологияси, Қизил китоб рўйхатига киритилган йўқолиб кетиши хавфидаги ноёб турлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам ушбу бўлимда ўз аксини топган.

Археология бўлими

 Бўлимда музейнинг энг қадимги ва ноёб экспонатлари сақланади. Шу жумладан, Жарақудуқ тошўрмон дарасидан келтирилган тошга айланган  турли дарахтлар бўлаклари, мева қолдиқлари, маржон қоялари, чиғаноқлар, динозавр суяклари, йиртқич балиқлар тишлари ўрин олган. Бундан ташқари Зардуштийлар дафн маросимига ишлатиладиган буюмлар, турли сопол хумлар ва қадимий тегирмон тошлари мавжуд.Шунингдек, Сармишсой табиий археологик мажмуа музей қўриқхонасининг ноёб петроглифлари, фотолавҳалари ҳам мазкур бўлимда кенг ёритилган бўлиб, улар ёрдамида томошабинлар бемалол Сармишсой дарасида бўлиб саёҳат қилгандек бой таасуротга эга бўлишлари мумкин.

Тарих бўлими

•  Ушбу бўлимда ўрта асрлар тарихини акс эттирувчи ноёб экспонатлар жой олган. Унда  Буюк Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига доир китоблар,Амир Темур шажараси шу давр тарихига доир маданий ёдгорликлар Тошмасжид, Работи Малик карвонсаройи, Қосим Шайх ёдгорликлари ва Катта гумбаз, Чилустун, Нур қалъаси ва яна кўплаб обидалар  кўриниши акс эттирилган фотолавҳалар жойлаштирилган. Шунингдек, ўрта аср қадимий маҳаллий халқ усталари томонидан ишланган сопол, чарим, ёғоч ва мисдан ишланган буюмлар намойиш этилган

Этнография бўлими

•   Этнография бўлимидан жой олган экспонатлар, урф- одатларга доир ашёлар, ижтимоий жабҳаларга оид буюмлар, нафосат ва эстетик дид билан тикилган сўзана ва кашталар, турли-туман маросимларда кийиладиган ранг-баранг XIX асрнинг охири XX асрнинг бошларига таалуқли либослар кенг жой олган. Вилоятимиз аҳолиси кўп миллатли эканлиги  учун ўзбек, тожик, қозоқ, қороқалпоқ, рус ва корес миллий либослари бўлимимизда кенг намойиш этилмоқда. Ундан ташқари қозоқ ўтовлари ва қорақалпоқ кигизларига асосланган экскурсиялар сайёҳларга этнография тўғрисида қизиқарли маълумотлар беради.

Қишлоқ хўжалиги бўлими

•   Ушбу бўлимда улуғ аждодларимиз томонидан кашф этилган ва деҳқончилик ҳамда чорвачиликда ишлатилган, ҳунармандчиликда фойдаланилган иш қуроллари жой олган. Вилоятимиз ҳудудида қадимдан  етиштирилган донли ва дуккакли экинлар ҳосили намуналари  ўрин олган. Ғаллачилик, пахтачилик, пиллачилик, асаларичилик, қоракўлчилик каби қишлоқ хўжалиги соҳаларида мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар тўғрисида маълумотлар ва фотолавҳалар асосида экскурсиялар олиб борилади. Замонавий иссиқхоналарда етиштиралаётган памидор, бодиринг ва бошқа сархил сабзавотлар ҳамда уларнинг соҳиблари ҳақидаги фотолавҳалар кенг ёритилган. Кўп йиллик самарали хизматлари ва чорвачиликни ривожлантиришдаги жасорати учун  “Узбекистон қахрамони” унвони соҳиби Серикбай Сагатов тўғрисида ҳам қизиқарли маълумотлар ёритиб берилган.

Халқ амалий санъати бўлими.

•Амалий санъатнинг энг кўп тарқалган ва оммавий тури каштачилик бўлиб у қадимий анъаналарга бойдир. Бунда  Нурота каштачилигик мактаби алоҳида эътиборга лойиқ. Шунга доир намуналар ушбу булимдан кенг жой олган. Ҳунармандлар томонидан ясалган  уй-рўзғор буюмлари ва ҳалкалтарошлар яратган дарахт илдизларига ишланган санъат асарларидан намуналар қуйилган. Миллий мусиқа санъатига мансуб чолғу асбоблари най, танбур, дутор, доира, қонун ва ғижжак каби ноёб намуналар ушбу экспозитсияга жойлаштирилган.

Саноат бўлими.

• Навоий Республикамиздаги саноат соҳаси ривожланган регион эканлиги муносабати билан, юртимиздаги донгдор саноат корхоналари тарихи музейда кенг ёритилган. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган турфа-хил махсулотлар намуналари бўлимдан ўрин олган. Қизилқумцемент ОАЖ, Навоий Кон Металлургия комбинати Давлат корхонаси, Навоий Иссиқлик электр станцияси, НавоийАзот ОАЖ, Навоий эркин иқтисодий индустриал зонаси каби саноат корхоналари меҳнаткашларининг ҳаёти ва фаолияти, жасоратлари ва соҳалардаги ижтимоий хизматлар тўғрисида бир-биридан қизиқарли маълумотлар, фотолавҳалар ва ноёб экспонатлар кенг жойлаштирилган ва қизиқарли экскурсиялар ўтказилиши учун шарт-шароитлар яратилган.

Охирги янгиланиш: 17.11.2017 | 20:06