“ХОРАЗМ МАДАНИЯТИ КУНЛАРИ”

ЯНГИ МАСКАНГА ҲАР КИМ ҚИЛАДИ ҲАВАС

                                                                                                                      

Хоразм вилояти   марказидаги Амир Темур номидаги маданият ва истироҳат боғи кун сайин чирой очмоқда. Бу ерда олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳавас қилгудек даражада.

Хусусан, боғнинг марказий дарвозаси миллий меъморчилик анъаналарига хос ва мос тарзда қайта қурилди.  Боғ ҳудудидаги йўлакчаларга брусчаткалар ётқизилиб, ўнлаб тунги чироқлар ва ўриндиқлар ўрнатилди. Албатта, булар дам олувчиларга қулайликлар яратмоқда. Эртак қаҳрамонлари акс этган ҳайкалчалар эса болажонлар дидига мос. Янги  бунёд этилган фаввора ҳам илиқ таассурот қолдиради, кишида. Шунингдек, яхна ичимликлар ва музқаймоқлар билан савдо қилувчи шахобчалар, замонавий катта ва кичик аттракционлар воҳа аҳолиси, хусусан, ёшлар ва болажонларнинг мириқиб маданий ҳордиқ чиқаришини таъминлайди. Боғ атрофидаги автомобиллар тўхташ жойи ҳам рисоладагидек. Том маънода иккинчи ҳаётини бошлаган маданият ва истироҳат боғига ҳавасингиз келади.

Ушбу сўлим маскан жорий йилнинг 5 август куни байрам либосига бурканди. Боғ ҳудудида барпо этилган “Ёшлар маркази”нинг тантанали очилиш маросими, “Хоразм вилояти маданият кунлари”, “Қовун сайли” ва “Гуллар байрами” катта тантана билан нишонланди.

 

                             КЕЛАЖАК – ЁШЛАР ҚЎЛИДА

 

Мамлакатимизда Президентимиз Ш. Мирзиёев раҳнамолигида ёшларни миллий истиқлол ғоясига садоқат, Ватанга меҳр-муҳаббат тамойиллари руҳида тарбиялаш, уларни юртимиз тараққиётини юксалтириш йўлидаги эзгу ишларини рағбатлантириш, бунинг баробарида, уларнинг тафаккурида дахлдорлик, бунёдкорлик, келажакка ишонч туйғуларини мустаҳкамлаш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилаётир. Бу ёшларни янги марралар сари етакламоқда, изланишлар олиб боришга, янги ғоя ва янгиликларни яратишга ундаяпти. Муболаға эмас, Амир Темур номидаги маданият ва истироҳат боғида  “Ёшлар маркази”нинг фойдаланишга топширилиши ҳукуматимиз томонидан ёшларимизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яққол ифодасидир.

Тадбирга республикамизнинг барча гўшасидан меҳмонлар ва фидойи ёшлар ташриф буюрди. Улар  миллий урф-одат ва қадриятларимиз силсиласи ҳисобланган  меҳмондўстлик билан карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Тадбир иштирокчилари боғнинг марказий дарвозасидан “Ёшлар маркази”  сари боришар экан, шаҳар ва туманлар маданият бўлимлари қошида фаолият юритаётган ансамбллар  ўзларининг жозибадор куй ва қўшиқлари билан ҳамнафас бўлишди.

Янги марказнинг очилиш маросимида қатнашган Хоразм вилояти ҳокими П.Бобожонов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Қ.Қуранбоев ва бошқалар юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, уларни юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, жисмонан ва маънан баркамол авлод бўлиб ўсишлари йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида тўхталишди, фойдаланишга топширилаётган мазкур марказ Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида хоразмлик ёшларга муносиб совға бўлганлигини алоҳида таъкидлашди.

-Бугунги тадбирда қатнашаётганимдан ниҳоятда бахтиёрман,- дейди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Хоразм вилояти кенгаши фаоли Нилуфар АҲМЕДОВА.- “Ёшлар маркази”нинг ишга туширилиши вилоятимиз ёшлари учун эъзозли туҳфа бўлди. Насиб қилса, ҳукуматимизнинг биз ёшларга кўрсатаётган ғамхўрликларига жавобан, Ватанимиз равнақи, гуллаб-яшнаши учун бор куч-ғайратимизни сарфлайверамиз.

Марказ кираверишда, фойеда Урганч санъат коллежининг ўқувчилари мафтункор мусиқани, “Ниҳол” мукофоти совриндори Аминзода Жуманиёзов эса энг сара қўшиғини меҳмонларга армуғон қилди.  Шундан сўнг, тадбир қатнашчилари “Ёшлар маркази”да яратилган шарт-шароит ва имкониятлар билан танишиб чиқдилар.

Эндиликда, “Ёшлар маркази”нинг замонавий мебель ва бошқа зарур анжомлар  билан жиҳозланган 6 та тўгарак хонаси, биттадан конференция ва семенар-тренинг хоналари, фито-бар, турли йўналишдаги адабиётлар билан таъминланган ахборот-ресурс маркази ҳамда 220 ўринга мўлжалланган фаоллар зали келажагимиз бўлган ёшларга хизмат қилади.

 

               МАФТУН ЭТДИ ДИЛЛАРНИ “ХОРАЗМ МАДАНИЯТИ КУНЛАРИ”

 

Хоразм воҳасининг маданияти кўп асрлик тарихга, анъанасига эга. Муболаға эмас, бир неча юз йилдирки, воҳа ўзининг қадимий обидалари, асори атиқалари ва номоддий маданий мероси билан диллардан тилларга, тиллардан дилларга ўтиб келади.

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 майдаги  ПҚ-2953 сонли қарори билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш Дастури”нинг 33-банди ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган “Хоразм маданияти кунлари” фестивалида ҳам исботини топди.  Зеро, сўлим боғда ташкил этилган тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси, тажрибали усталарнинг маҳорат сабоқлари ва китоблар савдоси ярмаркаси ҳамда санъаткорларнинг маданий дастурлари нафақат хоразмликларга, умуман, вилоят меҳмонлари ва чет эллик сайёҳларга унутилмас дақиқаларни туҳфа этди.

-Диёримизда санъатни севадиган, унинг қадрига етадиган инсонлар яшайди, -дейди Хоразм вилояти маданият бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир НУРМЕТОВ. – Бирон-бир тадбир йўкки, санъаткорлар иштирокисиз ўтган. Бу гал ҳам бундан мустасно бўлмади. “Хоразм маданияти кунлари”ни  ҳар доимгидан ҳам  мафтункор ўтишини таъминлашга интилдик. Саъй-ҳаракатларимиз бесамар қолмади. Фольклор-этнографик, ашула ва рақс ансамблларимиз билдирилган ишончни оқлади. Бундан жуда хурсандмиз, албатта.

Дарҳақиқат,  “Хоразм” мақом ансамбли,  вилоят Академик ва халқ бадиий жамоаси, Урганч шаҳрининг “Хоразм”, Хива туманининг “Хива”,  “Сайқал” ва “Достон” фольклор-этнографик халқ ансамбллари, Урганч туманининг “Навбаҳор”, Гурлан туманининг “Наврўз”, Хонқа туманининг “Дилором”, Ҳазорасп туманининг “Ҳумо”,  Янгиариқ туманининг “Муборак”, Янгибозор туманининг “Хушнаво”, Қўшкўпир туманининг “Юлдуз”, Шовот туманининг “Шохобод” ашула ва рақс халқ ансамбллари, Боғот туманининг бадиий ҳаваскорлик жамоаси жозибадор куй-қўшиқлари билан, Шовот туманининг “Моноқ масхарабозлари” халқ жамоаси ҳамда вилоят қўғирчоқ театри актёрлари театрлаштирилган саҳналари билан “Хоразм маданияти кунлари” фестивалининг юксак савияда ўтишига муносиб улуш қўшишди. Бу муболаға эмас.

 

                                                                                                                                           Икром  ХУДОЙБЕРГАНОВ



Охирги янгиланиш: 18.08.2017 | 21:18
Lorem ipsum dolor sit amet, consectetur adipisicing elit. Ipsum ab perspiciatis sit, nostrum repellendus necessitatibus molestias dolore eveniet corporis fugiat maxime itaque blanditiis in beatae minus nesciunt modi. Ducimus, impedit!
Lorem ipsum dolor sit amet, consectetur adipisicing elit. Iusto tenetur officia iure deleniti rerum asperiores sint, nesciunt debitis optio et adipisci possimus quaerat, aperiam recusandae itaque voluptatibus accusantium? Cumque, harum.

Savol yo'llash