БАЙРАМ БАЙРАМГА УЛАНДИ, ГЎЁ

БАЙРАМ БАЙРАМГА УЛАНДИ, ГЎЁ

 

“Хоразм маданияти кунлари фестивали” доирасида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!”  шиори остида “Гурвак - Хоразм қовунчилиги рамзи” деб номланган қовун сайли бўлиб ўтди.

            Мазкур тадбирда воҳанинг  полиз ва мева маҳсулотларини етиштириш билан    шуғулланаётган кўплаб фермер хўжаликлари ўзларига  ажратилган расталарни табиат  ноз-неъматлари билан тўлдирдилар. Айниқса, улар орасидан ўрин олган Хоразм қовунчилигининг рамзи ҳисобланган гурвакнинг бир неча тури,   шунингдек, оқ новвот, оби новвот,  Хива бешаги, қари қиз, ширинпечак, кўк ва  қора гулоби   каби ўнлаб қовун навларининг тилни ёрар     мазаси меҳмонлар ва хорижий сайёҳларни     ҳайратга солди. Ваҳоланки, сайилга келганлар расталарда тиликларга ажратиб қўйилган қовунлар, улардан тайёрланган шарбатлардан тотиб кўришди.

            - Хоразмга биринчи марта келишим, - дейди германиялик сайёҳ Иохана Аид АБДУЛЛА: - Ташрифимиз ўзбек халқининг ўзига хос байрамларидан бири – “Қовун сайли”га тўғри келди. Жаннатга тушиб қолгандек сезяпмиз, ўзимизни. Қовунларингизни мазасини айтишга тил ожиз, уларнинг ширинлигидан фақат ва фақат ҳайратдамиз. Санъатингиз ҳам бизни лол қолдирди. Бундай жозибадор куй ва рақсларни илгари эшитмаганман, кўрмаганман.  Шунингдек, юзида табассум уфуриб турган халқингизнинг меҳмондўстлиги, Хива шаҳрининг асори атиқалари ва тарихий обидалари ҳам қалбимизга умрбод муҳрланиб қолди. Кўнглимда ушбу бетакрор заминга яна бир бор келиш орзуси уйғонди. Бизга кўрсатилган иззат-ҳурмат учун раҳмат айтамиз.

            Бинобарин, мустақиллик йилларида барча соҳада бўлгани каби, қишлоқ хўжалигида ҳам ибратли ислоҳотлар амалга оширилди. Республикамизда  полиз маҳсулотларини етиштириш қайта тараққий топди, йўқолиб бораётган қовун навларини тиклаш борасида ишлаб чиқилган истиқболли лойиҳалар бугун самарасини бермоқда. Ҳар йили ташкил этилаётган “Қовун сайли” - Хоразм воҳаси миришкорлари   меҳнати самарасининг бўй кўрсатиши баробарида, серқуёш диёримизнинг бетакрор, бир-биридан ширин ноз-неъматлар ўлкаси эканлигини хорижлик сайёҳларга намойиш этиш воситасига айланди.

             Сайил доирасида қовунчилик соҳаси бўйича танлов ўтказилиб, Ҳазорасп тумани биринчи, Хонқа тумани иккинчи ва Гурлан тумани учинчи ўринни эгаллади. Воҳада қовунчиликни юксалтиришга муносиб улуш қўшиб, қовун навларининг хилма-хиллигига эришаётган миришкор деҳқонлар ҳам беэътибор қолмади, ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

            Байрам байрамга уланиб кетди. Шу куни  “Қовун сайли”га ҳамоҳанг равишда “Гуллар байрами” ҳам бўлиб ўтди. Маданият ва истироҳат боғига экилган турфа гуллар тадбир иштирокчиларини бефарқ қолдирмагани табиий.  Ушбу гуллардан таралаётган ифор, хушбўй ҳид, уларнинг ранг-баранглиги эса тадбир қатнашчиларини гуллар оламига етаклагандек бўлади, гўё.

            “Энг яхши гулчилар” танлови  ҳакамлар ҳайъати қарорига биноан Шовот тумани биринчи ўринга лойиқ кўрилди. Хонқа тумани гулчилари иккинчи ўринга сазовор бўлди, фахрли учинчи ўриндан Янгибозор тумани вакиллари жой олишди.

 

ГАЛА КОНЦЕРТ КЎНГИЛЛАРНИ ШОД АЙЛАДИ

 

            Тадбир гала концерт билан давом этди. Унда Хоразм вилоятининг эл севган эстрада хонандалари ва  санъаткорлари мусиқий чиқишлари билан томошабинларда илиқ таассуротлар қолдирди.

Ўзбекистон халқ артисти Гулора Раҳимова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист  Равшан Матёқубов, “Ниҳол” мукофоти соҳиблари Жайҳун Матмуротов, Бунёдбек Саидов, Аминзода Жуманиёзов куйлаган ашулалар байрамга файз олиб кирган бўлса, вилоят Академик ва халқ бадиий жамоасининг раққоса қизлари дилбар рақслари билан даврани янада қизитди. Шунингдек, вилоят қўғирчоқ театри актёрлари ижросида “Қовун, қовунлар” композицияси, иқтидорли хонандалар Шоҳруҳ Маткаримов, Комрон Собиров, Юлдуз Жуманиёзова, Дилафрўз Бекметова, Ғайрат Салаев, Хуршида Ишниязова, Жасур Қурбонов, Саидмуҳаммад Рўзметов, Зафарбек Қурбонбоев, Дилшод Ҳайитбоев, Фаррух Матёқубовларнинг қўшиқлари ҳам кўнгилларга шодлик улашди.

                                                                                                                                           Икром  ХУДОЙБЕРГАНОВ



Охирги янгиланиш: 18.08.2017 | 21:18
Lorem ipsum dolor sit amet, consectetur adipisicing elit. Ipsum ab perspiciatis sit, nostrum repellendus necessitatibus molestias dolore eveniet corporis fugiat maxime itaque blanditiis in beatae minus nesciunt modi. Ducimus, impedit!
Lorem ipsum dolor sit amet, consectetur adipisicing elit. Iusto tenetur officia iure deleniti rerum asperiores sint, nesciunt debitis optio et adipisci possimus quaerat, aperiam recusandae itaque voluptatibus accusantium? Cumque, harum.

Savol yo'llash