27 Октябрь 2017
Бердақ ва Ажиниёзнинг шеърий-мусиқий садолари

Маданият вазирлиги томонидан ўтказилган “Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши”Халқаро Экофестивал доирасида Мўйноқ тумани ҳокимлиги биноси олдидаги марказий майдонда халқ шоирлари Бердақ ва Ажиниёз ижодига бағишланган халқаро шеърий-мусиқий фестиваль бўлиб ўтди. Фестивалнинг очилиш маросимини Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенесбой Каримов кириш сўз билан очди ва барча иштирокчиларга омад тилади.  Сўнг республикамизнинг барча вилоятларидан ва Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларидан келган шоир-ёзувчилар, фольклор-этнографик ва бадиий ҳаваскорлик жамоалари, театр соҳаси вакиллари, адабиёт ва санъатга иҳлосманд ёшлар бирин-кетин мусиқий-театрлаштирилган саҳна кўринишлари, ижодий чиқишлар, шеър ва қўшиқларни ижро этишди.

Қорақалпоқ халқ шоирлари Бердақ ва Ажиниёз ижоди чиндан ҳам бетакрор. Улар қаламига мансуб ҳар бир шеърда теран фалсафий фикрлар мужассам. Улар барчани Она Ватанга бўлган муҳаббатини ошириб, ёшларни ҳақиқий юрт фарзанди бўлишга чорлайди.

Майдон мингдан зиёд томошабинлар билан тўлди. Ниҳоят, барча орзиқиб кутган «Орол балиқларидан 99 турдаги таом» гастрономик фестивали, «Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши» халқаро экофестивали ва халқ шоирлари Бердақ ва Ажиниёз ижодига бағишланган халқаро шеърий-мусиқий фестивалларнинг тантанали тақдирлаш маросими бошланди. Маросимда Ўзбекистон Маданият вазирлиги бошқарма бошлиғи Ж.Узаков, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Қўмита раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари М.Жуманов ва бошқалар сўзга чиқиб, ўтказилган фестивалларнинг юқори савияда ўтганлигини ва ушбу кун Мўйноқ тумани учун ҳақиқий байрам бўлганлигини таъкидлаб ўтишди. Ниҳоят, танлов ғолиблари эълон қилинди.

«Орол балиқларидан 99 турдаги таом» гастрономик фестивалида биринчи ўрин—Мўйноқ тумани ошпазларига насиб этди.

Иккинчи ўринни Хоразм вилояти, учинчи ўринни эса Амударё туманининг моҳир ошпазлари қўлга киритишди. Бу фестиваль доирасида «Энг яхши қора уй» номинацияси бўйича Чимбой, Беруний ва Амударё тумани ўтов чеварлари тақдирландилар.

«Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши» халқаро экофестивалида қуйидаги номинациялар бўйича ғолиблар тақдирланди:

«Энг яхши мақола» —Гўзал Таўмуратова ва Салтанат Узакова;

«Энг яхши ролик» —Лаззет Есемуратова;

«Энг яхши ҳунарманд» — Дилноза Алламбергенова;

«Энг яхши расмлар ва плакат кўргазмаси» —Ажинияз Танирбергенов;

«Энг яхши туризм компанияси » —  «TAZABAY GRAND SERVICE» .

Халқ шоирлари Бердақ ва Ажиниёз ижодига бағишланган халқаро шеърий-мусиқий фестивалда «Энг яхши қўшиқ» номинацияси бўйича О.Акимбаев, Р.Машарипов ва Ғ. Бектурғановалар триоси, «Энг яхши сахна кўриниши» Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри, «Энг яхши қўшиқ матни» номинацияси билан Н.Караматдинова ва «Энг яхши бахши» номинацияси бўйича ғолиблик Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Г.Ахимбетова ва «Ниҳол» мукофоти совриндори Л.Муҳамматдиноваларга насиб этди. Шунингдек, фестивалда фаол иштирок этганлар ташкилотчилар томонидан «Фахрий ёрлиқ» ва «Ташаккурнома» билан тақдирландилар.

Фестиваль Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари халқ артистлари, машҳур санъаткорлар, ёш ва маҳоратли эстрада хонандалари ижросидаги гала концертга уланиб кетди. Концертда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артистлари О.Назарбеков, М.Намозов, Г.Айимбетова, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист М.Утемуратов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист О.Надирова, Т.Жаббаров, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артистлар С.Аннакулова, Б.Темирбаев, Ж.Бекбергенова, эстрада хонандалари Фарҳод ва Ширин, Б.Разимбетов, Б.Пердебаев ва «Айқулаш жулдызлари» қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли, қорақалпоқ давлат «Аму тўлқини», «Гулзар» ансамбллари билан «Ҳурлиман», «Тумарис» халқ ансамблларининг ранг-баранг чиқишлари, дилтортар куй-қўшиқлари барчани рақсга чорлади.

— Менга концерт жуда ёқяпти. Юртингизга биринчи келишим. Бундай фестиваллар тез-тез ўтказилиб турилса, биз юртимиздаги бошқа дўстларимиз билан яна келамиз. Қорақалпоқча «Айдинлар» қўшиғи жуда ёқди. Хоразм лазгисига эса мазза қилиб рақс тушяпмиз,— дейди бельгиялик сайёҳ Сметс Каролине.

  Ундан ташқари интернет журналистлари фестиваль тафсилотларини ўз сайтларида ёритиб боришди. Мазкур фестиваль доирасида ўтказилган барча тадбирларда ОАВ, ахборот агентликлари, «Ўзбекистон 24», «Ўзбекистон», «Қорақалпоғистон» телевидениеси билан «Ёшлар», «Маданият ва маърифат», «Дунё бўйлаб», «Менинг юртим» телеканаллари ҳодимлари узлуксиз съёмка жараёнларини олиб боришди.

Охирги янгиланиш: 23.08.2019 | 00:58