27 Октябрь 2017
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАДАНИЯТ ВАЗИРЛИГИ ВА ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАР ИТТИФОҚИ ЎРТАСИДА МЕМОРАНДУМ

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ёшларни маънавий етук ва жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи инсон этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиеёвнинг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунни имзолаб, бу соҳадаги мутасадди ташкилотларнинг вазифаларини аниқ белгилаб бергани фикримизнинг далилидир.

Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Президентимиз Ш.Мирзиеёв Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаб, сўнгги пайтларда экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилаётгани, дунё ёшлари сон жиҳатидан инсоният тарихидаги энг йирик авлод ҳисобланиб, айни пайтда уларнинг сони 2 миллиард кишига етганлиги, сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимизнинг келажакда қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ эканлигини таъкидлади.

 

Шунингдек, Президентимизнинг жорий йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони тасдиқланиши бу борадаги ишлар самарадорлигини яна бир поғонага кўтарди.

Мазкур Фармон ижроси юзасидан Маданият вазирлиги томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2017 йил 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаш ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Маданият вазирлигидаги етакчилар кенгашини сайлаш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаш раиси сўзга чиқиб келгусидаги режалар ҳақида қисқача нутқ сўзлашди.

 

Меморандумга кўра, ҳар иккала ташкилот бугунги кунда мамлакатимизда мустақил фикрли, интеллектуал салоҳиятли, ўзи танлаган йўлда собитқадам бўла оладиган ёшларни тарбиялашда, аввало, уларнинг маънавиятини шакллантириш масаласида яқиндан ҳамкорлик қилади. Бунда Томонлар:

 ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан ва ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда тарихий хотира, миллий ғурур ва ўзликни англаш, рўй бераётган воқеаларга дахлдорлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини шакллантириш;

ёшларни, хусусан уюшмаган ёшларни диний-экстремистик ва бошқа бузғунчи ғоялар таъсиридан, четдан “оммавий маданият” ниқоби остида кириб келаётган таҳдидлардан асраш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларни олдини олишга кўмаклашиш;

истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратиш;

давлат дастурлари, қонун ва қонуности ҳужжатлари лойиҳалари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

жамиятимизнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилаётган ички таҳдидлар, эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, оилавий қадриятлар ва ёшлар тарбиясига эътиборсизлик каби ҳолатларга барҳам беришга қаратилган комплекс тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

халқимизнинг тарихий мероси, урф-одатлари ва миллий тарбия анъаналарини асраб-авайлаш, ёшларимиз ўртасида динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш;

дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий ва ғоявий-мафкуравий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини ҳар тамонлама чуқур ёритиб бориш, терроризм, ақидапарастлик, сепаратизм, одам савдоси ва бошқа таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш каби вазифаларни бажаради.

Кун тартибида ўртага қўйилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вазирликдаги етакчилар кенгашини сайлаш маросими ҳам шаффоф тарзда, қизғин бахс-мунозараларга тўла ҳолда ўтказилди. Кенгаш аъзолигига иттифоқнинг икки йўналиши бўйича Иқтисодий таҳлил ва молия бошқармаси бош мутахассиси Шахбоз Ешназаров ҳамда Йиғма ахборот-таҳлил бошқарма бошлиғи ўринбосари Анвар Жуманиёзовлар сайландилар. Хусусан, иттифоқнинг вазирликдаги етакчилар кенгаши раислигига Театрлар ва концерт томоша муассасаларини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Озоджон Йулдашев ва Ижодкор ёшлар билан ишлаш бошқарма бошлиғи Жамолиддин Узаков номзодлари таклиф қилиниб, иштирокчиларнинг 80% овози билан Ижодкор ёшлар билан ишлаш бошқарма бошлиғи Жамолиддин Узаков сайланди ва бевосита Маданият вазирининг ёшлар масалалари бўйича вазир ўринбосари мақоми берилди. 

 

Охирги янгиланиш: 17.11.2017 | 20:06