09 Ноябрь 2017
Гавҳар Матёқубованинг ижодий кечаси

Жорий йилнинг 10 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ва Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби томонидан Устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубованинг 70 йиллик таваллуд куни ва ижодий фаолиятига 50 йил тўлиши муносабати билан ижодий кеча ўтказилмоқда. Устоз санъаткор,Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубова 1947 йил 18 октябрь куни Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида таваллуд топди. 1993 йили Хоразм рақс санъати тарихи ва унинг анъаналарига бағишланган “Офатижон лазги”(илмий) китобини яратди ҳамда ёш раққос-раққосалар ва балетмейстерлар эътиборига тақдим этди.

1997 йилдан Г.Матёқубова рақс соҳасида балетмейстерлик фаолиятини бошлади. Илмий-амалий изланиш жараёнида Г.Матёқубова йўқолиб бораётган анъанавий халқ рақслари – “Жазава”, “Чаноқ” рақси, “Садр”, “Лачак ўйини”, Авесто ёдгорлик китобидан, “Анахита маликаси”, “Гусфанд”,”Ушлини уфориси”, “Мухаммаси ушшоқ” асарларини саҳналаштирди ва рақс санъати мутахассислари эътиборига ҳавола этди.

 

          Устоз санъаткор Г.Матёқубова 1993 йили Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Мукаррама Турғунбоева номидаги мукофотини қўлга киритди. Бугунги кунда “Шуҳрат” медали соҳибаси, Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган санъаткор. Ҳозирда катта шижоат билан Хоразм вилояти Маданияти бошқармаси Халқ ижодиёти бўлими бошлиғи, Академик ва халқ бадиий жамоалари “Хоразм рақси” ансамбли раҳбари, Маданият вазирлиги “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қошида “Устоз шогирд” Миллий рақс Марказининг раёсат ва ижодий гуруҳ аъзоси сифатида меҳнат қилмоқда. 

          

 

        Устоз раққоса ва олима охирги йилларда беназир хофиз, устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзовнинг 100 йиллигига бағишлаб “Санъат дарғаси”, “Лазги – 3 минг йил” китобларини нашр қилди. Гавҳар Матёқубова бугун ҳамон меҳнатда ва изланишда... У юзлаб шогирдлар, ўнлаб ўғил-қизлар, набира ва эваралари билан ҳаёт нашидасини суриб, тинимсиз ижод қилиб, ёшларни юксак маънавият ва миллий санъат оламига олиб кирмоқда.            

Охирги янгиланиш: 17.11.2017 | 20:06