10 Ноябрь 2017
Бастакорнинг 80 йиллик таваллуди

Ёқимли мусиқа садоларини тинглаганда, қалбингизда аллақандай туйғулар куртак ёзиб, у кўнглингизнинг нозик торларини чертиб, сизни ҳаёл денгизи томон чорлайди.

Мана шундай кўнгилга яқин, ёқимли мусиқалари билан қорақалпоқ санъатини дунё бўйлаб танитган бетакрор бастакор , Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси санъат арбоби,  «Эл-юрт ҳурмати», «Меҳнат шуҳрати» ордени ва  Давлат мукофотлари соҳиби, бастакор Нажиматдин Муҳаммеддинов бу йил саксон ёшни қаршилагани муносабати билан 9-ноябрь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида юбилей маросими бўлиб ўтди.

Унда атоқли санъат арбоблари,  республикамизга таниқли зиёлилар, бастакорнинг ҳамкасблари, шогирдлари, оила аъзолари билан кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

 

 

 

Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири П.Айтмуратов очиб берди. Бундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги номидан Ўзбекистон халқ артисти Ф.Маъсудов, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси Р.Абдуллаев, Қорақалпоғистон Республикаси халқ шоири Г.Аннақиличева, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ш.Уснатдинов, шоира Г.Даулетова ва бошқалар юбилярни муборакбод этишди, унинг ижод йўли ҳақида гапириб, яхши тилакларини билдиришди.

 Чиндан ҳам, қорақалпоқ халқининг тарихий сиймосига айланиб улгурган Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиясининг бастакори, қорақалпоқ мусиқа маданиятини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган Нажиматдин Муҳамметдинов мусиқа оламида самарали меҳнат қилиб, ҳар хил жанрдаги бой репертуари, кучли ва нозик дид билан яралган ижод наъмуналари билан халқимиз ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда.

Нажиматдин Мухаммеддинов 1971-1986-йиллари Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат филармониясининг бадиий раҳбари,  Қорақалпоғистон Телерадиокомпанияси бадиий раҳбари ва бош дирижёри,  Қорақалпоғистон бастакорлар уюшмаси раиси лавозимларида ишлади. 1986-1999-йилларда Маданият ишлари вазири, бундан сўнг ҳозирги Нукус маданият ва санъат коллежи директори бўлиб фаолият олиб борди. 2005-йилдан буён Қорақалпоғистон бастакорлар уюшмаси раиси бўлиб ишлаб келмоқда.

У қорақалпоқнинг биринчи операси «Ажиниёз», илк балети «Ойжамол», Қорақалпоқ кантатаси, «Поскан ел» симфоник поэмаси сингари бебаҳо ижод намуналариниг муаллифи. Шу ўринда айтиш жоизки, бастакор саксонинчи баҳорида «Гулайим» операсини ҳам ёзиб тамомлади. Бу эса ижодкорнинг қорақалпоқ санъатининг ёрқин юлдузи, келажак авлодлари учун эса сўнмас шамчироқ эканлигидан далолат беради.   

Тадбир бастакорнинг ижод намуналаридан ташкил топган театрлаштирилган концерт дастури билан давом этди.

 

 

 

Тадбирда Қорақапоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниёзов  ҳам иштирок этди. 

Охирги янгиланиш: 17.11.2017 | 20:06