14 Ноябрь 2017
« Қорақалпоқларнинг заргарлик ҳунари намуналари»

Ўрта Осиё минтақасида истиқомат қилувчи барча халқлар сингари қорақалпоқ халқининг ҳунармандчилиги XIX асрнинг  охири ва  XX асрнинг бошларида  жуда яхши ривожланиб, кундалик  ҳаётда кенг қўлланилган. Мана, ушбу  ҳунарларнинг бири  ҳисобланган заргарлик  намуналарининг  бир неча тури Қорақалпоғистон Республикаси И.В.Савицкий номидаги давлат саньат музейи экспозициясидан  жой олган. Ушбу  бебаҳо  меросларни  келажагимиз бўлган ёш авлодларнинг онгига  янада  мустаҳкам сингдиришда тарих фани  катта аҳамиятга эга. Бу фан  бўйича ўқитувчиларнинг малакасини ошириш институтида (РИУУ)  таҳсил  олаётган бир гуруҳ  тарих фани ўқитувчиларига «Қорақалпоқ халқининг заргарлик ҳунари намуналари»  мавзусида маъруза  ўтказилди. Бундан мақсад, музейда сақланаётган  заргарлик буюмлари ҳақида кенг  тушунча бериш, шу билан бирга  тингловчиларнинг бу маърузани қай даражада ўзлаштирганлигини аниқлашдан иборат. Маъруза   борасида тақинчоқларнинг    бир неча тури: бош, кўкрак ва қўл безак буюмлари, уларнинг  номланиши,  ясаш услуби, қандай металдан ишланганлиги ҳамда хусусиятлари ҳақида кенг маьлумот берилиб, рангли расмлар билан намойиш этилди. Бош безакларидан ҳисобланган арабек, сирғалар, мунчоқлар; кўкрак безакларидан ҳайкел, шартуйме, айшиқ, жалпақ туйме, ўнгирмунчоқ ва калитбоғи; қўл безакларидан билагузук билан узукларнинг   аёллар безаги вазифаси билан биргаликда  ёмон кўздан асровчи тумор сифатида тақилганлиги тингловчиларда  қизиқиш уйғотди.

 

 

Маъруза сўнгида ўқитувчилар музей экспозициясига келиб,   безакларнинг  асл нусхаларини кўриш билан бир қаторда, ўзаро мунозара қилиб  витриналардаги тақинчоқларни    бир-бирига тушунтиришди. Бундай ўзаро мулоқот   (интерактив) услубида ўтказилган  маҳорат дарслари келажагимиз  бўлган ёш авлодларнинг, айниқса мактаб ўқувчиларининг  Ватанга бўлган меҳрини, тарихга  қизиқувчанлигини уйготишда катта аҳамиятга эга бўлиб, ўз натижасини беради.

Охирги янгиланиш: 17.11.2017 | 20:06