04 Декабрь 2017
“Саҳоват-ҳаёт чироғи”

Мехр, саҳоват ҳар бир инсоннинг қалбида, гўдаклигиданоқ куртак очиб йиллар давомида униб, осмон сари юксалади. Декабрь ойининг 2-санасида, 3-декабрь “Халқаро ногиронларни химоя қилиш”куни муносабати билан Ёшлар иттифоқининг Андижон вилоят кенгаши “Биз бир сафдамиз” лойиҳаси остида, вилоятдаги бир нечта мурувват уйлари тарбияланувчилари билан биргаликда Андижон вилоят қўғирчоқ театрига ташриф буюрди. Меҳмонларни хурсанд қилиш мақсадида театрнинг ижодий ходимлари бор маҳоратини ишга солиб, шоу концерт ташкил этди. Актёрлар Абдурашид Чўққиев, Дадажон Отажонов, Ҳаётбек Алибоев, Нигора Казакова, Кибриё Камолова, Динара Қамбаровалар турли эртак қаҳрамонлари образида йиғилганларни хурсанд қилдилар. Юзларида қувонч, шодлик билан ўтирган меҳмонлар, қалбидаги севинчни яшира олмай, чексиз миннатдорчилик билдирдилар. “Ўзбегим” савдо маркази эса эсдалик совғалари билан янада меҳмонларни хушнуд этди.

Қўғирчоқ театри яна бир ҳайрли сафарни 3-декабрь куни Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманига қарашли мурувват уйига уюштирди. У ерда тарбияланаётган болаларни “Баджахл қуёнча” спектакли, ҳамда шоу концерт билан хурсанд қилиб, юзларига кулгу улашиб қайтди. Театр режиссёри Дилмурод Шайхов билан ташриф буюрган ижодий гуруҳ болаларни яқинлашиб келаётган Қомусимизнинг 25 йиллиги, ҳамда янги йил байрами билан табриклаб, мурувват уйи раҳбариятининг ташаккурларига ҳам сазовор бўлдилар.

Мансурбек Рўзиев

Охирги янгиланиш: 13.12.2017 | 17:06