10 Январь 2018
Навоий вилоятида ҳарбийларга уй-жой топширилди

Куни кеча Навоий вилоятининг марказидаги "Бунёдкор" маҳалла фуқаролар йиғинида ҳарбийларимиз учун барпо этилган 48 хонадонли 4 қаватли уй фойдаланишга топширилди.

Тантанали маросимда мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарлари, ҳарбийлар, ОАВ вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик қатнашди.

Вилоят ҳокими К. Турсунов, Марказий ҳарбий округ қўмондони
А. Саидов барчани байрам билан қутларкан, юртимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳарбийлик соҳаси нуфузини янада ошираётганлигини таъкидлашди.

"Темур Малик" МЧЖ бунёдкорлари томонидан барпо этилган замонавий, шинам хонадонларда эл хизматига камарбаста юртдошларимизнинг эркин яшашларига барча имконият яратилган. Бино ҳовлисида болажонлар мириқиб ўйнаши учун алоҳида майдончалар ташкил этилганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирда уй калитларини қабул қилиб олаётган ҳарбийларимиз ўктам овозда: "Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!" дея баралла айтишаркан, уларнинг қалбларидаги ватанварварлик, шижоат билиниб турарди.

Вилоят Маданият бошқармаси қошида ташкил этилган “Наво” ашула ва рақс ансамбли хонандалари Бобомурод Холов, Комола Қурбонова Феруза Рўзиевалар ва Навоий шаҳар Маданият бўлимининг бир гуруҳ хонанда ва созандалари чиқишлари тантанага янада файз бағишлади.

 

Охирги янгиланиш: 22.01.2018 | 21:07