10 Январь 2018
“Йилнинг энг яхши мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси”

Мусиқа оламига кириб келаётган мурғак болалар учун Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчилари биринчи устоз бўлиш билан бирга ибрат, намуна ҳам бўладилар. Умумтаълим мактабларида малакали мусиқа ўқитувчилари етишмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабли мусиқага, санъатнинг бошқа йўналишларига қизиққан болаларга ҳақиқий биринчи устоз – вазифасини фақат Болалардаги мусиқий маълумотга, билимга эга бўлган ўқитувчиларгина бажара олади.

БМСМ ўқитувчиларининг билими, дарс олиб бориш услуби, методикаси ва асосийси ижро маҳоратини ривожлантириш мақсадида, Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳридаги 1-сонли мактаб директори Н.Рустамова 2017-2018 ўқув йили 1-чорак якуни бўйича ўтказилган Ўқитувчилар Кенгаши йиғилишида жамоа эътиборига Болалар мусиқа ва санъат мактабида ёш ўқитувчиларнинг кўрик-танлови ўтказилиши тўғрисидаги ўз фикрини билдирди. Мактабда фаолият юритаётган 21 нафар ёш ўқитувчиларга 2 ой муддатда ҳар бири иккитадан асарни кўрик-танловга тайёрлаш лозимлиги айтиб ўтилди.

Мактаб раҳбарияти томонидан танлов Низоми ишлаб чиқилиб, ўқитувчиларга ўзларининг концерт ижрочилик фаолиятини ҳам йўлга қўйишлари кераклиги уқтирилди. Бугунги кунда мактабда Ў.Ҳайдаров, С.Канина, О.Драгина, А.Султонов, Л. Хачатурян, Н. Ван, Б.Ҳаликова, О.Ҳайдаровлар каби мусиқа ва санъат билимдонлари бор. Уларнинг ушбу мактабда фаолият олиб бораётган ёш ўқитувчиларни ҳам Республикамизда ўз ўрнига эга бўлган мактабимизга муносиб ўринбосар бўлишларини исташлари кўрик-танлов нуфузини янада оширди.

Танловга тайёргарлик жараёни ўта жиддий ва соғлом рақобат остида кечди. Ҳар бир ижрочи тайёрлаган дастурини мукаммал даражада томошабинларга етказишга астойдил киришдилар. 2018 йил 9 январь куни мактаб катта залида кўрик-танлов ўтказилди. Ҳакамлар ҳайъатининг муҳокамасидан сўнг ўринлар қуйидагича аниқланди.

Олий ўрин – Абдувоитов Сирожиддин – прима рубоби,

1 – ўрин - Қулихонова Маҳфуза – дутор,

2 – ўрин - Абсаломова Назокат - Анъанавий хонанда,

2 – ўрин - Ўринов Бекзод - доира,

3 – ўрин - Норбўтаев Йўлдош - ғижжак,

3 – ўрин - Жабаралиев Илҳом - доира,

3 – ўрин - Миршарипов Жаҳонгир - театр санъати.

 

Танлов ўқувчи ва талабаларнинг таътил кунларида ўтказилгани сабабли томошабинлар орасида мактабимизнинг собиқ ўқувчилари, Ўзбекистон Давлат Консерваторияси, Маданият ва Санъат институти, Тошкент шаҳридаги Мусиқа Академик Лицейи, Гулистон Санъат коллежининг талабалари ҳам бор эди. Вилоятимиздаги 2, 4, 11, 12, Болалар мусиқа ва санъат мактабларнинг раҳбарлари ва ўқитувчилари ҳам бу танловни томошабини бўлишди. Шу ернинг ўзида танловнинг вилоят босқичини ўтказиш бўйича режалар тузилди.

Охирги янгиланиш: 16.07.2018 | 21:18