13 Январь 2018
Жиззахда аскар оналари шарафланди

«Jizzax» Тантаналар залида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 26 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ташкил этилган анъанавий “Аскар оналарини шарафлаймиз” деб номланган маданий-маърифий тадбир иштирокчилари билан тўла. Тадбирга мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида хизмат қилаётган аскарларнинг оналари, меҳнат фаҳрийлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа ташкилотларининг вакиллари таклиф этилди.

Жиззах вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси Жиззах горнизони ҳамда вилдоят Маданият бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбир аввалида “Миллий армиямиз, ғуруримиз, фахримиз” филъмида муддатли ҳарбий хизматчиларга яратилган шарт-шароитлар, имтиёзлар, Қуролли кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб ўтилди. Шундан сўнг ҳарбий хизматни шараф билан адо этаётган бир гуруҳ аскарларнинг оналарига йўллаган видеотабриги намойиш этилди. Табрик тадбир иштирокчиларининг гулдирос қарсаклари билан олқишланди. Шу пайт қарсаклар гулдироси яна ҳам жонланиб, даврага аскарларнинг ўзлари кириб келдилар. Улар орасида ғаллаороллик Хуршид Хўрозов, зарбдорлик Жамшид Алимов, зоминлик Худойберди Алиқулов, бахмаллик Ботир Абдурахмонов, жиззахлик Азизбек Абдурасулов ва бошқалар бор эди. Кутилмаган учрашув аскар оналарининг қалбига бир олам қувонч, кўзларига эса ёш келтирди.

Шундан сўнг вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эргаш Салиев йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 26 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан муборакбод этди.

Дийдорлашув онлардан сўнг байрам дастурхони атрофида аскарлар ўз оналари билан дилдан суҳбат қурдилар. Тадбир давомида вилоят академик ва халқ бадиий жамолар дирекцияси хонандалари томонидан Мустақил Ватан, ҳур Ўзбекистонни, мард ва жасур ўғлонларни мадҳ этувчи қўшиқлар ҳамда дилтортар мусиқалар янгради. Жозибали рақслар эса иштирокчилар қалбига завқ-шавқ бағишлади.

Бекпўлат ТОҒАЕВ

Охирги янгиланиш: 22.01.2018 | 21:07