28 Январь 2018
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи

2018 йил 26 январь куни Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳар 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаев, вилоят маданият бошқармаси бошлиғи С.Сайимов ҳамда вилоят маданият бошқармаси тасарруфидаги тизим ташкилотлари, муассаса ходимлари ва соҳа вакиллари билан тизимдаги ташкилот ҳамда муассасаларнинг 2017 йилдаги иш фаолияти ва 2018 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда 2017 йил соҳада амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Жумладан: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3022-сон қарори, 2017 йил 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан ўтказилган видеоселекторда белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 январдаги “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 12-сон қарори ижроси, Маданият вазирлигининг Ҳайъат қарорлари, буйруқлари ва бошқа топшириқлари ижроси бўйича вазирликнинг 2017 йил 27 сентябрдаги 01-11-17-4481-сон топшириғи билан тасдиқланган махсус саволнома асосида ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

    Йиғилишни Қашқадарё вилоят маданият бошқармаси бошлиғи С.Сайимов кириш сўзи билан очиб бериб, сўзни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаевга берди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан Б.Сайфуллаев сўзга чиқиб, бугунги кунда давлатимиз томонидан санъат ва маданият соҳасига янада юксак эътибор қаратилаётганлиги, Муҳтарам Президентимизнинг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2017 йил 31 майдаги ПҚ-3022-сон қарори ҳамда улар иштирокида жорий йилнинг 3 август куни Тошкент шаҳрида Ижодкор зиёлилар вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши ва бошқа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мисол тариқасида айтиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаев сўзи давомида юқорида қайд этилган ишлар ва амалга оширилаётган устувор вазифаларнинг замирида фақат бир мақсад, яъни асрлар давомида шаклланиб, сайқал топиб келаётган гўзал ва беқиёс маданият ва санъат соҳасини асраб авайлаш ва дунёга танитиш мавжудлигини таъкидлаб ўтди.

Йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаев томонидан маданият ва санъат соҳасига малакали ва олий маълумотли мутахассисларни, айниқса ижодкор ва фаол ёшларни жалб этиш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар ҳамма жойларда ҳам талаб даражасида бажарилмаётганлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доирчора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3022-сон қарори ҳамда улар иштирокида 2017 йил 3 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан ўтказилган видеоселекторда белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 январдаги “Ижро интизомини мустаҳкамлашчора-тадбирлари тўғрисида”ги 12-сон қарорига асосан ишларни ташкил қилганлик ҳолати, шунингдек, Маданият вазирлигининг Ҳайъат қарорлари, буйруқлари ва бошқа топшириқлари ижроси юзасидан вазирликнинг 2017 йил 27 сентябрдаги 01-11-17-4481-сон топшириғи билан тасдиқланган махсус саволнома асосида 2018 йилнинг 23-26 январь кунлари давомида вазирлик ходимлари томонидан Қашқадарё вилояти маданият бошқармаси ва унинг тизим ташкилотларида ўтказилган ўрганиш натижалари юзасидан Ишчи гуруҳ томонидан тақдим этилган ўрганиш натижаси бўйича маълумотнома ўқиб эшиттирилди.

Хусусан, Вилоят бошқармаси тасарруфидаги 137 та тизим ташкилотлари ва муассасаларда ҳозирги кунда жами 2676 нафар ишчи-хизматчилар, соҳа мутахассислари ва ўқитувчи-педагоглар меҳнат қилаётганлиги, уларнинг 809 нафари (30%) олий маълумотли, 1574 нафари (58%) ўрта махсус маълумотли, 304 нафари (11%) ўрта маълумотли ходимлардан иборат.

Вазирлик ва тизим ташкилотларида давлат ва ҳукумат қарорлари, дастур ва йиғилиш баёнлари ижросини таъминлаш, иш юритиш ва ижро интизомига риоя қилиш борасида Қарши, Китоб, Чироқчи туман маданият бўлимлари, шунингдек Шаҳрисабз шаҳридаги 2 ва 20-сонли, Ғузор тумани 4-сон Қамаши тумани 6-сон, Чироқчи тумани 15-сон ҳамда Миришкор тумани 21-сон болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолияти ижобий бахоланди.

 

Ҳусусан, Ғузор, Деҳқонобод, Нишон, Қамаши туманлари маданият бўлимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 майдаги ПҚ-3022-сон қарори ҳамда Муҳтарам Юртбошимиз иштирокида 2017 йил 3 августда ижодкор зиёлилари билан ўтказилган учрашув баёни ижроси бўйича маҳаллий ҳокимлик қарори, дастур ва мажлис баёнлари ишлаб чиқилмаганлиги, Деҳқонобод тумани 5-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби биноси 2013 йилда фойдаланишга топширилган. Мавжуд ҳужжатлар сифати талабга жавоб бермайди. Ўрганиш даврида барча буйруқлар 2015 йилдан буён битта дафтарга рўйхатга олиниб келинмоқда. У ҳам бўлса, Халқ таълими вазирлиги томонидан чоп этилган журнал ҳисобланади. Бундан ташқари журналдаги тартиб рақамлар ҳам нотўғри ёзилган. Кўплаб буйруқларнинг асл нусхалари эса ҳалигача имзоланмаган.

Нишон туманидаги 12-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳужжатлар мавжуд бўлсада, ижодий жараённи яхши деб бўлмайди. Фақатгина вазирлик томонидан ўтказиладиган кўрик-танлов ва фестиваллар билан чекланиб қолинган. Мактабда ички кўрик-танловлар ўтказиш, синфларнинг ҳисобот концертларини йўлга қўйиш ишлари эътибордан четда қолган.

Ушбу мактабга ҳам вилоятнинг таниқли санъаткорлари, давлат мукофотлари совриндорлари ва Қарши санъат коллежи ўқитувчилари бириктирилган. Аммо, фақатгина Қарши санъат коллежи ўқитувчилари жойларга чиқиб, мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари билан ижодий ҳамкорлик қилган. Санъаткорлар эса бирон марта ҳам бориб, ижодий учрашув, ўқув-семинар ва устоз сабоқлари (мастер класс) ўтказилмаган.

Миришкор тумани “Жейнов” маданият ва аҳоли дам олиш маркази дастурга асосан, 2014 йилда реконструкция қилишга киритилган бироқ бажарилмаган. Марказ 2017 йилда таъмирланиб фойдаланишга топширилган.

Марказда ижодий тўгараклар билан бир қаторда физика, математика ва хитой тили каби фан тўгараклари фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

Мазкур ҳолат бўйича Миришкор тумани маданият бўлими раҳбари (Қобилов) хабардор бўлсада, бироқ шу вақтга қадар ушбу муаммони бартараф этиш бўйича ҳеч қандай амалий чора кўрмаганлигининг оқибатида, марказдаги тўгаракларга узоқ ва яқин қишлоқлардан қатновчи иштирокчилар машғулотларни қоронғу хоналарда ўтишга мажбур бўлмоқда. Бу эса ўз навбатида, таълим сифати ва унумдорлигини пасайишига, ёшларда соҳага бўлган қизиқиш ва интилишларини сўнишига олиб келади.

Тумандаги 3-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолияти талаб даражасида эмас бўлиб, мактаб биноси ҳолатини сақлаш ва асраб-авайлаш каби ишларга раҳбарият ва масъуллар томонидан етарли даражада эътибор берилмаган, кичик таъмирлаш ва пардозлаш ишлари ҳам юзакилик билан сифатсиз бажарилган. Бинонинг девор, пол ва зиналаридаги кафеллар кўчиб кетган. Тозалик ва озодалик ишларига эътибор берилмаган.

Мактаб раҳбарияти ва ўқитувчилари ҳанузга қадар эски ва ижродан чиқарилган ҳужжат ҳамда кўрсатмалар асосида иш олиб бормоқда.

Қарши тумани 7-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолияти умуман қониқарсиз аҳволда. Мактаб биноси қаровсиз ҳолатда. Бинонинг ички қисмидаги йўлакларнинг кафеллари кўчиб кетган, йўлак ва деворларнинг айрим жойларида анчадан бери кўчиб ёки синган қисмлари ўз ўрнига қўйилмаган ёки таъмирланмаган.

Хоналардаги тозалик ва озодалик даражаси гигеник талабларга ҳам жавоб бермайди. Мактабнинг синф хоналари кўздан кечирилганда, хоналар рақамланмаганлиги, айрим хоналар қулфланмасдан очиқ ҳолда қолдирилганлиги, мактаб масъуллари, энг асосийси ўқувчилар ҳаёти учун хавфли бўлган бино ичида жойлашган марказлашган электр тармоғи хонаси ҳам доимий очиқ ва қаровсиз ҳолатдалиги маълум бўлди.

Мактаб раҳбарияти ва масъуллари томонидан яқин йиллар давомида иқтидорли ва исътедодли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, халқаро миқиёсдаги кўрик-танловларда иштирок этиш учун моддий кўмак кўрсатиш ишлари ҳам талаб даражасида эмас.

Шунингдек, юқорида номлари келтирилмаган шаҳар ва туман бўлимлари, мусиқа ва санъат мактаблари, вилоятдаги бошқа муассаса ва ташкилотлар фаолиятини ижобий ёки салбий деб бўлмайди. Буларда ҳам ўзига яраша ютуқ ва камчиликлар мавжуд.

Ўрганиш давомида аниқланган салбий ҳолатлардан келиб чиқиб, ўз лавозими ҳамда вазифасига масъулиятсизлик қилаётган, соҳа ривожини ортга тортаётган ходим ва ишчиларга нисбатан қатъий чоралар кўрилди, жумладан бир қатор туман маданият бўлимлари раҳбарлари, болалар мусиқа ва санъат мактаби директорлари ва соҳадаги вакиллардан баъзилари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаев томонидан давлат ва ҳукумат қарорлари, дастур ва бошқа ҳужжат ҳамда кўрсатмалар ижросини ўз вақтида таъминлаётганлиги, вилоятда маданият ва санъат соҳасида ўзига хос тизим асосида ишларни ташкил этаётганлиги, соҳа бўйича қисқа давр мобайнида ижобий натижаларга эришганлиги, ижро интизомига риоя этиш ва бошқа ҳамкасбларига ўрнак бўлаётганлиги сабабли Вилоят мусиқали драма театри (У.Махматқулов), Вилоят Кўзи ожизлар махсус кутубхонаси (О.Комилов), Чироқчи туман маданият бўлими (Ш.Худойқулов), Шаҳрисабз туман 2-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби (З.Мажидов, Муборак туман Сардоба маданият ва ахоли дам олиш маркази (Ф.Мадиев) га вазирлик томонидан кондиционер, принтер ва компьютер жамланмалари топширилди.

 

 

Охирги янгиланиш: 17.02.2018 | 18:32