09 Февраль 2018
Олий туйғулар инкишофи

Буюк аждодларимиз хотирасини улуғлаш, уларнинг авлодларга қолдирган бой маънавий меросини асраб-авайлаш, ҳаётий мезонларини ҳозирги турмушимизнинг кунлик жабҳаларида тадбиқ этиш зиммамизга улкан масъулият юклайди. Бугун 9 февраль ўзбек мумтоз адабиёти асосчиси, ғазал мулкининг султони, буюк давлат ва жамоат арбоби Мир Алишер Навоий қутлуғ таваллуд айёмининг 577 йиллиги муносабати билан, анъанавий тарзда Тошкент шаҳридаги “Миллий боғ” хиёбонида Алишер Навоий пойига гулчамбар қўйиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти жамоаси ҳам фаол қатнашишди.

Институт ректори, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Юлдашев, “Маънавият ва маърифат ишлари” проректори Давлат Муллажонов, “Санъатшунослик ва маданиятшунослик” кафедраси мудири, доцент Омонулла Ризаев, “Овоз режиссёрлиги ва операторлик маҳорати” кафедраси мудири, доцент Иқбол Мелиқўзиев ва бошқа бир қатор педагоглар маросимда иштирок этишиб, улуғ бобомизнинг муқаддас хотирасига чуқур эҳтиром ва садоқатини билдиришди. Шунингдек, майдонга йиғилган ёзувчи-шоирлар, олим ва талабалар иштирокида анъанавий Навоийхонлик ҳам бўлиб ўтди. Унда бобомизнинг энг сара ғазаллари ва рубойилари мушоира қилиниб, йиғилганлар қалбида ҳазрат Навоийнинг буюк меросига ҳурмат туйғулари янада ортди.

Ўйлаймизки, улуғ аждодимиз, сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг ниҳоятда бой маънавий хазинасига ҳурмату садоқат ҳислари йўғрилган бу каби гўзал маросимлар шукуҳи давом этажак. Олий ва мўтабар туйғуларнинг бетакрор жилолари инкишоф этилди. Навоий ҳайкали ёш авлодларга раҳнамо сингари боқиб, ёруғ мақсадлар йўлида бизларга мададкор бўлиб тургандек савлат тўкиб турибди. Мазкур сиймонинг порлоқ хотираси ҳали асрлар давомида ўзбек халқининг фахри бўлиб қолади.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти жамоаси саноқли кечинмалар билан қайтишиб, талабаларга байрам шукуҳини улашишди.

Охирги янгиланиш: 22.05.2018 | 22:00