09 Февраль 2018
“ЎЗБЕКДАВЛАТЦИРКИ” 25 ЙИЛДАН СЎНГ ТОЖИКИСТОНДА

Шу кунларда “Ўзбекдавлатцирки” давлат муассасаси артистлари Тожикистон Республикасида гастроль сафарида бўлмоқда. 25 йилдан сўнг Тожикистонга ташриф буюрган цирк усталарини мезбонлар томонидан илиқ кутиб олинди.

Ўзбек ва тожик халқлари ўртасида азалдан дўстона қўшничилик алоқалари, қадимий илдизларимиз йиллар давомида мавжуд бўлган. 2017 йилнинг декабр ойидан бери ўзбек цирки усталари Душанбе шаҳрида томошалар кўрсатишди, — дейди гуруҳ раҳбари Норинисо Алиева. Мазкур гастролга 15 нафар артист жалб этилиб, ўз маҳоратларини қўшни давлатда намоён этишмоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистон мамлакатлари ўртасида маданий-гуманитар ва цирк соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида “Эко Азия” номи билан ташкил этилган мазкур дастур доирасида “Ўзбекдавлатцирки”нинг артистлари март ойининг сўнгига қадар Тожикистонда ижодий сафарда бўлишади.

Ўтган йилнинг охиридан буён тожикистонликлар ва Душанбе шаҳри меҳмонлари Тошкент цирки усталарининг ранг-баранг чиқишларидан баҳраманд бўлишмоқда, — дейди “Ўзбекдавлатцирки” менежери Миразиз Якубов. Ҳар куни икки мартадан намойиш этилаётган томошаларга болалару катталар ташриф буюришмоқда. Дорбозлар, жанглёрлар, гимнастикачиларнинг чиқишлари, ўргатилган ҳайвонлар: маймунлар, пони отлари, итлар, ламалар билан кўрсатилган томошалар барчага бирдек манзур бўлмоқда.

 

Охирги янгиланиш: 17.02.2018 | 18:32