09 Февраль 2018
Иқтидорли ёшлар – жамият пойдевори

Юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири уларнинг қобилиятларини шакллантириш, келажакда танлаган мутахассисликлари бўйича етук ва малакали кадр этиб тарбиялашдан иборатдир. Худди шу мақсадларни кўзлаган ҳолда ҳозир Республикамизда ёшлар ҳаракатининг етакчи ташкилоти бўлмиш, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси, давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев билан онлайн мулоқот ташкил этилди.

Мазкур мулоқотдан кўзланган асосий мақсад биз юқорида таъкидлаган истеъдодли ва маҳоратли ёшларни аниқлаш, соҳаларга йўналтириш, бандлигига кўмаклашиш сингари қатор босқичларни ўз ичига олади. Онлайн учрашувда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Халқ ижодиёти факультети” 3-босқич талабаси Бобур Убайдуллаев ўзининг корреспондентив таклифи билан фаол қатнашди. Таклифга кўра, “Ёш санъаткорлар кенгаши”ни ташкил этиш, кенгаш доирасида ўзи таҳсил олаётган олий таълим муассасасида истеъдодли талабаларнинг маҳоратларини шакллантириб, уларнинг ижодий ишларини яратишга, реклама қилишга кўмак бериш каби тамойиллар белгиланган. Шунингдек, республика миқёсида турли танловлар, фестиваллар ташкил этиб, иқтидорлилар орасидан ҳам энг сараларини танлаб олиш, келгусида уларнинг кино, театр, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситалари соҳаларида фаолият юритишларига кўмаклашиш чоралари кўрсатиб ўтилган. Таклиф этилаётган кенгаш фаолияти бутун республика бўйлаб ташкил этилиши, натижада жамиятимиз пойдевори бўлмиш истеъдодли ёшлар қатламини янада ривожлантириш, маҳоратли ёш кадрлар салоҳиятини ўстириш, етук илмий-ижодий асарлар сонини орттириш, ёшлар маънавиятини янада камол топтириш ва энг асосийси уларни бандлигини таъминлаш каби самарали ютуқларга эришиш белгиланган.

Мазкур таклиф мутасадди ташкилот томонидан ижобий баҳоланди. Ҳозирда Бобур Убайдуллаев Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи кенгаши билан ҳамкорликдаги билдирилган таклифнинг амалий дастурларини ишлаб чиқиш ишларига киришди. Биз эса фаол ва ҳаракатчан Бобур Убайдуллаевга улкан мақсадларда омадлар тилаймиз! Зеро, қалби шижоатга тўла истеъдодли ёшлар юртимиз тараққиётига албатта муносиб ҳисса қўшишади.

Охирги янгиланиш: 19.08.2018 | 12:09