10 Февраль 2018
Улуғ бобомизни хотирлаб

Ҳар йили 9 февраль санаси ўзбек мумтоз адабиёти асосчиси, ғазал мулкининг султони, буюк давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг қутлуғ таваллуд айёми юртимизда кенг нишонланади. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Ўқув театрида ҳам буюк бобокалонимизнинг 577 йиллиги муносабати билан “Эл нетиб топгай мениким” номли адабий-бадиий кеча ўтказилди.

Тадбир аввалида институт ректори, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Юлдашев сўзга чиқиб, Алишер Навоий ҳазрати султоннинг буюк адабий-ижодий мероси ҳақида фикрларини айтиб, “шундай улуғ аждоднинг авлодлари эканимиз, ўз ижодимиз ва изланишларимиз орқали Навоий бобомизга мос фарзанд бўлиш бурчи муқаддас”, эканлигини алоҳида таъкидлади.

Тадбиримиз меҳмони физика-математика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси, академик Абдулла Аъзам ҳам табрикка чиқиб, Алишер Навоий бобомизнинг муқаддас хотираси, ижодини ўрганиш борасидаги илм аҳлининг улкан сай-ҳаракатлари хусусида қизғин сўзлади.

Институтнинг “Саҳна нутқи”, “Мусиқали драматик театр ва кино санъати”, “Миллий қўшиқчилик” кафедралари ҳамда “Сайқал” созандалар ансамбли иштирокида ўтказилган мазкур кечанинг бадиий раҳбари Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор Жўра Шукуров бўлиб, тадбирни миллий кўтаринкилик руҳияти акс этиб туришига алоҳида эътибор қаратишди. Сценарий муаллифи, дотцент Исоқтой Жуманов, режиссёрлар педагог Шерзод Муҳаммадиев ҳамда дотцент Рамзжон Қодиров биргаликда Алишер Навоий ижодининг бетакрор асарлардан намуналарни саҳнага олиб чиқишда институт ижодкор профессор-ўқитувчилари ва албатта иқтидорли талабалар маҳоратидан фойдаланишди.

Тадбирда, Алишер Навоий ғазали билан куйланган мумтоз айтим ўъллари жонли ижрода янгради. Устоз-шогирд анъаналарини давом эттирган ҳолда, Ўзбекистон халқ ҳофизи Бекназар Доъстмуродов ва ўқитувчи Бегзод Мирхалиловлар “Қоши ёсинму дейин” ғазали билан айтиладиган ашулани таъсирчан ижро этдилар. Шунингдек, “Мусиқали драма театри актёрлиги” 3-босқич талабалари ижросида ўзбек, рус ва инглиз тилларида ғазаллар ва рубоийлар композициялари тақдим этилди. Жонли ижродаги гўзал хонишлар, дилтортар тароналар залга йиғилганларни тўлқинлантириб юборди.

Кечада “Қўғирчоқ театри актёрлиги” 4-курс талабалари ижросидаги ёзувчилар Иззат Султон ва Уйғун қаламига мансуб “Навоий” асаридан адабий парча намойиш этилди. Актёрларнинг бетакрор қиёфаси, самимий ҳисларга ўгирилган муҳаббат талқини, озурда кўнгил туйғулари кичкинагина адабий кўринишда ажойиб тасвирини топа олди.

“Эл нетиб топгай мениким” номли адабий-бадиий кечада Алишер Навоийнинг “Гулузорим” ғазали билан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Рустам Абдуллаев ижросида, “Бўлмиш” ғазали Миршод элов ва Нуриддин Холбоев ҳамнафасликда, “Мубтало бўлдим санго” ғазали Муҳиддин Холмирзаев ижросида, “Фош ўлсин” ғазали Алишер Норбоев ва Муҳиддин Холмирзаев ижроларида жонли тарзда куйланди.

Кечанинг кулминатсион қисмида “Қўғирчоқ театри актёрлиги” 4-курс талабаси Улуғбек Мусиновнинг Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов қаламига мансуб “Алишер Навоий” шеъри барчани янада тўлқинлантириб юборди. Адабий ташбеҳларга, инжа туйғуларга йўғрилган поэзиянинг нозик маҳсули Улуғбек ижросида ўзига хос жаранг топди.

Тадбир якунидаги “Мусиқали драма театри актёрлиги” 3-босқич талабалари жўрновозлигидаги “Гул сочар” ғазалининг жонли ижродаги ашула йўли, талабаларнинг миллий либослардаги қиёфаси барчани буюк тарихимиз руҳиятига янада яқинлаштирди.

Улуғ аждодимиз, Ҳазрат Алишер Навоийнинг ниҳоятда бой маънавий хазинасига йўғрилган бу каби гўзал адабий-бадиий кечалар шукуҳи давом этажак. Ўсиб келаётган ёш авлод қалбида адабиёт, шеъриятга бўлган муҳаббат ва садоқат, Алишер Навоий шахсига ва ижодига бўлган чексиз ҳурмат туйғуларининг куртак отиши ўзбек миллатига хос фарзанд бўлишни англатади. Зеро, бутун жаҳонда тан олинган буюк мутафаккирларимизнинг ҳаёт йўли барчамизга ибрат, маънавий мероси эса ҳаёт мезонимизнинг манбаи бўлиб қолсин.

Охирги янгиланиш: 17.02.2018 | 18:32