12 Февраль 2018
“Буюк сиймоларга таъзим”

Касби туман маданият бўлими томонидан 2018 йил 9 февраль куни Касби туман марказий маданият ва ахоли дам олиш марказида Ўзбек адабиётининг асосчиси, буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги хамда Шоҳ ва Шоир Захириддин Мухаммад Бобур таваллудининг 535 йиллигига бағишлаб “Буюк сиймоларга таъзим” номли театрлаштирилган адабий мусиқий кеча ташкил этилди.

Касби туман ҳокимлиги вакиллари, Касби туман 11-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқувчилари, тумандаги жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда Қашқадарё вилоят маданият бошқармаси мутахассиси Фарход Турсунов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат Бошқарув академияси тинловчиси Давлат Ҳимматовлар иштирок этишди. Тадбирни Касби туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий–маърифий ишлар бўйича ўринбосари М.Амиров кириш сўзи билан очиб, А.Навоий ва З.М.Бобурнинг ҳаёти, ижоди ҳақида қисқача маъруза қилди.

Шундан сўнг, А.Навоий ва З.М.Бобурнинг ҳаёти, ижоди ҳақида 11-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби она тили ва адабиёт ўқитувчиси Г.Тошпўлатова маъруза қилди. Тадбирнинг бадиий дастурида Ойбекнинг Навоий романидан “Навоийнинг ёшлиги” номли саҳна кўриниши 11-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқувчилари Иззат Султон ва Уйғуннинг “Навоий” драмасидан саҳна кўриниши туман Маданият ва аҳоли дам олиш маркази ходимлари томонидан ижро қилинди.

Мактаб ўқувчилари томонидан А.Навоий ва З.М.Бобур ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқилди. Навоий ғазали билан айтиладиган “Савти мискин”, “Қоши ёсинму дейин”, “Эй сабо” , “Соқиномаи баёт”, Бобур ғазали билан айтиладиган Соқиномаи сафти калон”, “Наврўзи ажам” каби ашулаларни Касби туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги “Гулшан” ашула ва рақс халқ ансамбли қатнашчилари томонидан ижро қилинди.

Тадбир якунида Қашқадарё вилоят маданият бошқармаси мутахассиси Ф.Турсунов томонидан Ўзбек адабиётининг асосчиси, буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони хазрат Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги бағишлаб “Ғанимат”, Шоҳ ва шоир Захириддин Мухаммад Бобур таваллудининг 535 йиллигига бағишлаб “Бобур монологи” номли ижодий намуналар тинловчилар эътиборига хавола этилди.

 

Охирги янгиланиш: 16.07.2018 | 21:18