13 Февраль 2018
Беҳзод Абдураимов “Ҳаётда ҳеч қачон тўхтаб қолмаслик керак”

Жорий йилнинг 12 февраль куни Маданият вазирлигининг анжуманлар залида Европани забт этган ёш пианиночи Беҳзод Абдураимов билан интервью учрашуви бўлиб ўтди. Унда қатнашган журналистлар ўзлари истаган саволларга жавоб олиб, пианиночининг изланишлари, 27 ёшни қаршилаган Бехзод келгусидаги мақсадлари нечоғлик улкан эканлигига амин бўлишди.

Беҳзод Абдураимов Тошкентда зиёли оиласида таваллуд топган. Олти ёшлигидан фортепианино дарсларига қатнаб, таҳсилни Успенский номидаги ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида давом эттирган. Ўз маҳоратини ошириш ниятида АҚШ да ҳам таълим олган мусиқачи, 2009-йилда Лондонда ўтказилган Халқаро пианиночилар танловида ғолибликни қўлга киритди. Франциянинг Монпеле шаҳрида бўлиб ўтган “Radio France” фестивали сенсацияси деб топилди. Бир неча кундан сўнг эса, яъни 15-16 февраль кунлари у Германиянинг Франкфурт шаҳридаги «Alte Oper Frankfurt» катта концерт залида юртдошимиз Азиз Шохакимов билан биргаликда ўз концерт дастурини намойиш этади.

Беҳзод билан суҳбатлашар эканмиз, у: “Ҳаётда ҳеч қачон тўхтаб қолмаслик керак”,- дейди. Ва унинг энг олий мақсадларидан бири келажакда ўзбек классик мусиқасини ривожланишига ҳисса қўшиш, жаҳоннинг барча саҳналарида миллий мусиқий садоларимизни қалбига жо қилиб сеҳрли бармоқларига кўчирган ҳолда дунёга ёйишдир. Унинг сўзларига қараганда, юртимизда барча соҳаларда жадаллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, келгусида классик асарларни янада ривожланишига катта пойдевор бўлаётгани уни ҳурсанд қилмоқда.

“Бехзод Абдураимов бўлишимга Маданият вазирлигини кўп хисса кўшилганлиги, сабаби, вазирлик хориж давлатларидаги танлов, концерт дастурларига юборишган ҳамда у ерда малака ошириб келганлигим, менинг катта саҳнага чиқишимга кўмак бўлган”-деб, таъкидлади.

“Мусиқа - таржима қилиниши шарт бўлмаган сўзлар... унда оҳанглар тилга киради, кўнгиллар қаърига сингиб боради. Мен мана шу оламда яшайман. Мен мана шу дунёни яхши кўраман. Унда мени барча тушунади: хоҳ ўзбек бўлсин, хоҳ эса немис”.

Мусиқани ҳаёти мазмунига айлантирган ёш пианиночимизга Франкфурт шаҳридаги концерт дастури янада омадли бўлишини тилаб қоламиз. Зеро, мана шундай ёшлар бор экан, ўзбек маданиятини дунё танийди.

Охирги янгиланиш: 16.07.2018 | 21:18