13 Февраль 2018
“Навоий ворислари”

Алишер Навоий номи билан аталувчи Навоий вилоятида мутафаккирнинг таваллуд айёмини анъанавий тарзда нишонлаш урфга айланиб, айни кунларда вилоятда халқаро конференциялар ҳамда турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши ижроси доирасида "Навоий ворислари" кўрик-танлови ташкил этилди.

Мазкур танловда республикамиздаги умумтаълим мактабларининг юқори (6-9) синф ўқувчилари учун мўлжалланган бўлиб, улар энг кўп ғазал ёд олиш, уни ифодали ўқиш, матннинг насрий баёни (ёзма шарҳи)ни ярата олиш каби шартлар бўйича билим ва маҳоратини синовдан ўтказишди.

Бугун Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида “Навоий ворислари” Республика кўрик-танловининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш якуний гала концерти бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят Маданият бошқармаси қошидаги “Наво” ашула ва рақс ансамбли, “Фарҳод” маданият саройи жамоалари ҳамда Навоий маданият ва санъат коллежининг “Баҳор” рақс ансамбли иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

 

Охирги янгиланиш: 16.07.2018 | 21:18