21 Февраль 2018
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 сентябрдаги 700-сон қарори

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ОИД ХОРИЖДАГИ МАДАНИЙ БОЙЛИКЛАРНИ ТАДҚИҚ ЭТИШ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 36-сон, 964-модда)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 20 июндаги ПҚ-3074-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази тўғрисида низом1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади), Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Марказ жойлашган бинонинг тегишли хоналарини мукаммал таъмирлаш бўйича:

буюртмачи этиб Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясини белгилаш;

бош лойиҳачи ва бош пудратчи ташкилотларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда танлов савдолари асосида аниқлаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларини белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказсин ҳамда мукаммал таъмирлаш ишларининг сифатли бажарилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.

4. Марказ:

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Маданият вазирлиги билан биргаликда Марказнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш соҳасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссиясига тасдиқлаш учун киритсин;

2017 йилги харажатлар сметасини ҳамда штатлар жадвалини ишлаб чиқиб, ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилишини таъминласин.

5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2017 йил 5 сентябрь,

700-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 сентябрдаги 700-сон қарорига 
1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказининг (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва жавобгарлигини, шунингдек унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Марказ ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

3. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссиясига (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) ҳисобот беради.

4. Марказ ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, хорижий ва халқаро ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.

5. Марказ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаменти мутасаддилигида фаолият юритади.

6. Марказ юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, банк, жумладан хорижий валюталардаги ҳисоб рақамларига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ҳисоб рақамларига эга бўлади.

7. Марказ Комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.

2-боб. Марказнинг асосий вазифалари ва функциялари

8. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

миллий ва хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда, чет элларда сақланаётган, мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базаси — реестрини яратиш ва уни мунтазам янгилаб бориш, шунингдек, ана шу тарихий экспонатларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини, фото ва видеотасвирларини юртимизга олиб келиш, тегишли илмий марказлар, хусусан, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориб, эришилган натижаларни илмий муомалага киритиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш;

фаолият йўналиши бўйича хорижий давлатлардаги музей ва фондлар, архивлар, илмий-маданий муассасалар билан ўзаро маданий алоқаларни йўлга қўйиш, турли анжуманлар, конференция ва кўргазмалар ташкил этиш;

чет мамлакатларда сақланаётган маданий бойликларни юртимизга қайтариш юзасидан музокаралар олиб бориш ва зарур чора-тадбирлар кўриш, бу борада халқаро миқёсдаги илғор тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этиш;

маданий бойликларнинг олиб кирилиши ва олиб чиқилиши тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши ва самарали бажарилишини таҳлил қилиш, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, халқаро шартномалар ва умумэътироф этилган нормаларни миллий қонунчилигимиз нуқтаи назаридан атрофлича ўрганиш;

хориждаги мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни оммавий ахборот воситаларида, жумладан, глобал Интернет тармоғида кенг ёритиш, улар ҳақидаги библиографик тўпламлар, каталоглар, китоб-альбомлар ва бошқа матбаа маҳсулотларини турли тилларда нашр этиб бориш;

тўпланган материалларни мамлакатимиз ва жаҳон миқёсида илмий муомалага киритиш.

9. Марказ ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) миллий ва хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда, чет элларда сақланаётган, мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базаси — реестрини яратиш ва уни мунтазам янгилаб бориш, шунингдек, ана шу тарихий экспонатларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини, фото ва видеотасвирларини юртимизга олиб келиш, тегишли илмий марказлар, хусусан, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориб, эришилган натижаларни илмий муомалага киритиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш соҳасида:

мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базаси — реестрини яратиш ва уни мунтазам равишда янгилаб бориш;

мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларга оид тарихий экспонатларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини, фото ва видеотасвирларини юртимизга олиб келиш ишларини ҳаётга татбиқ этиш;

мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид юртимизга олиб келинган маданий бойликларни акс эттирувчи экспонатларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини, фото ва видеотасвирларини, тегишли илмий муассаса ҳамда марказлар, хусусан, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан биргаликда илмий тадқиқотларни олиб бориш;

Марказнинг илмий тадқиқотлари натижалари юзасидан ҳисоботларни тайёрлаш ва уларни Комиссияга тақдим этилишини таъминлаш;

Марказнинг илмий тадқиқотлари натижаларини ахборот бюллетенлари ва бошқа расмий нашрларда чоп этилишини ташкил этиш;

б) фаолият йўналиши бўйича хорижий давлатлардаги музей ва фондлар, архивлар, илмий-маданий муассасалар билан ўзаро маданий алоқаларни йўлга қўйиш, турли анжуманлар, конференция ва кўргазмалар ташкил этиш соҳасида:

хорижий мамлакатлар музей ва фондлари, архивлари, илмий-маданий муассасалари билан, жумладан, қўшимча илмий лойиҳаларни бажариш орқали халқаро илмий-маданий ҳамкорликнинг самарали шакллари ва йўналишларини ривожлантириш;

Марказ ходимларини хориждаги етакчи илмий-маданий ва таълим муассасаларида ўқишини, тажриба орттиришини, малакасини оширишни ташкил этиш;

ўзаро тажриба алмашиш, иш усуллари ва янги илмий-тадқиқотларни йўлга қўйиш ҳамда ёш илмий-маданий кадрларни тайёрлаш учун етакчи хорижий олимларнинг жалб этилишини таъминлаш;

хорижий илмий-маданий ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги илмий тадқиқотларни бажариш учун хорижий ташкилотлар ва жамғармаларнинг халқаро илмий грантларини жалб этилишини таъминлаш;

мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни тадқиқ этиш асносида олинган маълумотларни илм аҳлига етказишда ҳамда буюк мутаффакирлар, машҳур фан ва адабиёт арбоблари шарафига бағишланган халқаро илмий, илмий-маданий конгресслар, конференциялар, симпозиумлар, семинарларни ташкил этиш ва ўтказишда, шунингдек, халқаро илмий ва маданий журналларнинг таҳрир ҳайъатлари ишларида иштирок этиш;

в) чет мамлакатларда сақланаётган маданий бойликларни юртимизга қайтариш юзасидан музокаралар олиб бориш ва зарур чора-тадбирлар кўриш, бу борада халқаро миқёсдаги илғор тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда чет мамлакатларда сақланаётган маданий бойликларни аниқлаш, улар сақланаётган ташкилотлар билан илмий алоқалар ўрнатиш ҳамда мазкур бойликларни юртимизга қайтариш юзасидан хориждаги мутасадди муассаса ва ташкилотларни аниқлаш ишларини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ва унинг ёрдамида чет мамлакатларда сақланаётган маданий бойликларни юртимизга қайтариш юзасидан музокаралар олиб бориш учун зарур чора-тадбирлар кўриш;

чет мамлакатларда сақланаётган маданий бойликларни юртимизга қайтариш юзасидан музокаралар олиб бориш ва зарур чора-тадбирлар кўришда халқаро миқёсдаги илғор тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этиш;

зарурат туғилган ҳолда халқаро миқёсдаги илғор тажриба асосида чет мамлакатларда сақланаётган маданий бойликларни юртимизга қайтариш бўйича чора-тадбирлар кўриш борасида Комиссияга тегишли таклифлар киритади;

г) маданий бойликларнинг олиб кирилиши ва олиб чиқилиши тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши ва самарали бажарилишини таҳлил қилиш, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, халқаро шартномалар ва умумэътироф этилган нормаларни миллий қонунчилигимиз нуқтаи назаридан атрофлича ўрганиш соҳасида:

маданий бойликларни олиб кирилиши ва олиб чиқилиши тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши ва самарали бажарилишини таҳлил қилиш ишларини амалга ошириш;

маданий бойликларни олиб кирилиши ва олиб чиқилиши тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши ва самарали бажарилишини таҳлили натижасида, вазият тақозо этгани ҳолларда, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;

маданий бойликларни олиб кирилиши ва олиб чиқилиши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, халқаро шартномалар ва умумэътироф этилган нормаларни миллий қонунчилигимиз нуқтаи назаридан атрофлича ўрганиш;

Охирги янгиланиш: 25.09.2018 | 19:59