22 Февраль 2018
ҲУҚУҚИЙ АХБОРОТНИ ТАРҚАТИШ ВА УНДАН ФОЙДАЛАНИШНИ ТАЪМИНЛАШ ТЎҒРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

ҲУҚУҚИЙ АХБОРОТНИ ТАРҚАТИШ ВА УНДАН ФОЙДАЛАНИШНИ ТАЪМИНЛАШ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 36-сон, 944-модда)

Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 15 августда қабул қилинган 
Сенат томонидан 2017 йил 24 августда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ҳуқуқий ахборот — норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, уларга оид расмий шарҳларнинг, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш тартиби тўғрисидаги тушунтиришларнинг, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қонун ҳужжатлари қўлланилиши масалалари бўйича қарорларининг матнлари, шунингдек суд амалиётини умумлаштириш материаллари;

ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш — ҳуқуқий ахборотни эркин олиш ва ундан фойдаланиш имконияти;

ҳуқуқий ахборотни тарқатиш — номуайян доирадаги шахсларни ҳуқуқий ахборот билан таништиришга қаратилган ҳаракатлар.

4-модда. Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашнинг асосий принциплари

Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашнинг асосий принциплари ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ҳамда ундан фойдаланишни таъминлашнинг ошкоралиги, очиқлиги, ўз вақтидалиги, ҳуқуқий ахборотни излаш ва олиш эркинлигидан иборатдир.

5-модда. Ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш кафолатлари

Ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш давлат томонидан кафолатланади.

Фуқаролар ҳуқуқий ахборотни монеликсиз излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга.

Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар ҳар кимга ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш имкониятини белгиланган тартибда таъминлаши шарт.

Агар ҳуқуқий ахборот давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар жумласига белгиланган тартибда киритилган бўлса, ушбу ахборотдан фойдаланиш чекланади.

2-боб. Ҳуқуқий ахборотни тарқатишни амалга оширувчи ва ундан фойдаланишни таъминловчи органлар ҳамда ташкилотлар

6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколатлари доирасида:

ҳуқуқий ахборотни белгиланган тартибда тарқатади, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юбориш, эълон қилиш, ўз расмий веб-сайтига жойлаштириш орқали тарқатади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг матнларини ҳамда зарур бўлган тақдирда, уларга доир ахборот-таҳлилий материалларни расмий эълон қилиш ва ижрочиларга етказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига йўллайди;

ҳуқуқий ахборотни ўз вақтида тарқатишга ва ундан фойдаланишни таъминлашга қаратилган зарур тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини таъминлайди;

ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мажбурий тартибда юбориладиган давлат органлари ва ташкилотларнинг рўйхатини тасдиқлайди;

ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

7-модда. Вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идораларнинг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар ўз ваколатлари доирасида:

ҳуқуқий ахборотни белгиланган тартибда тарқатади, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юбориш, эълон қилиш, ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириш орқали тарқатади;

ўзи қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини ҳамда зарур бўлган тақдирда, уларга доир ахборот-таҳлилий материалларни юбориш ва расмий эълон қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига йўллайди;

марказий девонга келиб тушган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини ўз таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига ўз вақтида етказилишини таъминлайди;

ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ўз таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларидаги нормаларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга доир, жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган зарур ишларни ташкил этади;

ўз фаолияти соҳасига оид ҳуқуқий ахборот фондларини шакллантиради;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини белгиланган тартибда юритади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг сўровларига кўра ўз фаолияти соҳасига доир ҳуқуқий ахборотни тақдим этади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш тартиби ҳақида белгиланган тартибда тушунтиришлар беради.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

8-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида:

давлат органларидан ва ташкилотлардан улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини ҳамда зарур бўлган тақдирда, уларга доир ахборот-таҳлилий материалларни (норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг концепцияси баён этилган тушунтириш хати, ўзгартиш ва қўшимчалар тушунтирилган ҳолдаги таққослаш жадвали ва бошқалар) қоғозда ва электрон шаклда олади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларининг ҳамда зарур бўлган тақдирда, тегишли ахборот-таҳлилий материалларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича барча давлат органларига ва ташкилотларга электрон шаклда юборилишини таъминлайди;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий эълон қилинишини амалга оширади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини юритиш тартибини тасдиқлайди;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат ҳисобига олиш ва қонун ҳужжатларини тизимлаштириш ишларини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларининг, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг назорат нусхаларини юритади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг фондини шакллантиради;

Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини шакллантиради ҳамда юритади, ундан жисмоний ва юридик шахсларнинг белгиланган тартибда фойдаланишини таъминлайди;

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгашнинг ишини ташкил этади;

давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришни, бу фаолиятга услубий раҳбарлик қилиш ҳамда уни назорат қилишни амалга оширади;

ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан тизимли мониторингни ташкил этади;

ҳуқуқий ахборотнинг тарқатилиши ҳолатини тизимли тарзда таҳлилдан ўтказади ҳамда мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

давлат органларини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, нодавлат нотижорат ташкилотларини, оммавий ахборот воситаларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини жалб этган ҳолда жамиятда ҳуқуқий тарғиботни ташкил этади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш ҳамда уларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш бўйича намунавий тадбирлар режасини тасдиқлайди;

ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақида ҳар йили ахборот тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

9-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида:

Охирги янгиланиш: 19.10.2019 | 17:29