22 Февраль 2018
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 августдаги 659-сон қарори

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ДАВЛАТ МУАССАСАЛАРИДА ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАР МУРОЖААТЛАРИ БИЛАН ИШЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НАМУНАВИЙ НИЗОМГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 34-сон, 895-модда)

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга доир Давлат дастурининг 68-бандига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 мартдаги 73-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2015 й., 3-сон, 21-модда) билан тасдиқланган Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

2. Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва бошқа ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари зиммасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ахборот-таҳлил департаментларига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2017 йил 22 август,

659-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 августдаги 659-сонқарорига 
ИЛОВА

Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Қуйидаги мазмундаги 101-банд қўшилсин:

«101. Тушган мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш учун юбориш, шунингдек мурожаатларнинг ҳисобини юритиш ва кўриб чиқилишини назорат қилиш мақсадида давлат органида белгиланган умумий штатдаги ходимлар сони доирасида мурожаатлар билан ишлаш бўйича алоҳида бўлинма (кейинги ўринларда мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси деб аталади) ташкил этилади.

Мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси давлат органларига тушган мурожаатлар ҳажмидан, ходимлар сони ва иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда алоҳида бўлим, бўлинма ёки гуруҳ шаклида ташкил этилиши мумкин.

Мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси мурожаатларнинг кўриб чиқилишини назорат қилиш масалаларида бевосита давлат органи раҳбарига бўйсунади.

Мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси ва унинг ходимларининг ҳуқуқлари ва вазифалари улар тўғрисидаги низомларда, ушбу Низомда ҳамда мурожаатлар билан ишлаш тўғрисидаги бошқа ҳужжатларда белгиланади».

2. 11-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали тушаётган мурожаатлар бўйича иш юритиш давлат органлари томонидан электрон шаклда амалга оширилади».

3. 12-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«Давлат органида тушган мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш учун юбориш, мурожаатларнинг ҳисобини юритиш ва кўриб чиқилишини назорат қилиш мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси томонидан амалга оширилади».

4. Қуйидаги мазмундаги 601 — 603-бандлар қўшилсин:

«601. Давлат органлари ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига мурожаатлар билан ишлаш тўғрисида ҳисобот тақдим этадилар.

602. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари Ўзбекистон Республикаси Интерактив давлат хизматлари ягона порталида, давлат органининг расмий веб-сайтида, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида ҳар ойда эълон қилиниши мумкин.

 

603. Мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси тушган мурожаатларни таҳлил қилиш якунлари бўйича давлат органининг расмий веб-сайтида тегишли статистика ҳисоботларини ҳар ой эълон қилади».

Охирги янгиланиш: 16.11.2018 | 23:05