22 Февраль 2018
ПҚ-3161-сон

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ДЕВОНИНИНГ РЕГЛАМЕНТИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 31-сон, 769-модда)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 мартдаги ПФ-4974-сон «Ўзбекистон Республикаси Президенти девони фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг таркибий тузилмалари фаолиятини самарали ташкил қилиш, улар раҳбарлари ва ходимларининг Давлат раҳбарининг ҳужжатлари ва топшириқларини сўзсиз ижро қилиш бўйича шахсий масъулиятини белгилаш, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясиниамалга ошириш бўйича ижобий натижаларга эришиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг регламенти (бундан буён матнда Регламент деб юритилади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти девони таркибий тузилмалари раҳбарлари:

биринчидан — Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафили эканлиги, давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлашини эътиборга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколатларини самарали рўёбга чиқарилишини сўзсиз таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни;

иккинчидан — тегишли таркибий бўлинмаларда, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, шунингдек барча даражадаги ҳокимликларда ишни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси қонунларида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларида назарда тутилган сиёсатни самарали амалга ошириш заруратини ҳисобга олиб ташкил қилишни;

учинчидан — Ўзбекистон Республикаси Президенти девони таркибий тузилмаларига юклатилган вазифалар ва функцияларни сўзсиз бажаришни;

тўртинчидан — Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган ҳамда давлат ва жамият ҳаётининг барча тармоқларида олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширилиши ҳолатини, шунингдек уларнинг самарали амалга оширилишига тўсқинлик қилаётган камчиликлар ва муаммоларни танқидий ҳамда тизимли таҳлил қилиш, уларни ҳал қилиш бўйича чуқур ишланган ва ҳар томонлама асосланган таклифлар киритиш, шунингдек бошқарув органлари мансабдор шахсларининг иқтисодиёт тармоқларида, ижтимоий ва маънавий-ахлоқий соҳаларда ишнинг якуний натижалари учун ҳамда республика аҳолисининг барча тоифалари ҳаётининг муносиб даражаси ва сифатини оширишда шахсий жавобгарлиги чораларини белгилашни;

бешинчидан — ўзлари раҳбарлик қилаётган таркибий бўлинмаларда шахсий ижро интизомини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқишга киритиладиган ҳужжат лойиҳалари ва масалаларни ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш бўйича ходимларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўрилишини таъминласин.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ишлар бошқармаси бир ойлик муддатда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида ҳужжатлар билан ишлаш қоидаларини ва Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг бошқа ҳужжатларини мазкур Регламент талабларига мувофиқ қайта кўриб чиқсин.

4. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари Регламент талабларига сўзсиз риоя қилинишини таъминласин, бунда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг нутқларида ва йиғилишларда, шу жумладан минтақаларга қилган ташрифларида берган топшириқларини қатъий бажаришга алоҳида эътибор қаратсин.

Кўрсатилган органлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқларини ўз вақтида ва сифатли ижро қилиниши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва таклифларни пухта иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини таъминлаш юзасидан шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилсин, бунда ҳисоб-китобларнинг ҳар томонлама асослантирилгани, молия манбаларининг ва прогноз натижаларга эришишнинг ҳаққонийлиги назарда тутилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 4 февралдаги Ф-2118-сон «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларини ишлаб чиқиш, кўриб чиқиш ва имзолаш тартиби тўғрисида»ги фармойиши ўз кучини йўқотган деб топилсин.

7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг таркибий тузилмалари раҳбарлари зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2017 йил 28 июль,

ПҚ-3161-сон

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлдаги ПҚ-3161-сон қарорига 
ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг

РЕГЛАМЕНТИ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Регламент Ўзбекистон Республикаси Президенти девони тўғрисидаги низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ва унинг таркибий тузилмалари фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони (бундан буён матнда Девон деб юритилади) ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлиги остида амалга оширади.

3. Девон Ўзбекистон Республикаси Президентининг ахборот-таҳлил ва ташкилий-назорат органи ҳисобланади.

4. Девон ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Девон тўғрисидаги низомга, шунингдек мазкур Регламентга амал қилади.

5. Девонга юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишни таркибий тузилмалар — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ижро этувчи аппарати, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг хизматлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Ишлар бошқармаси (бундан буён матнда Девоннинг таркибий тузилмалари деб юритилади) таъминлайди.

Девон ва унинг таркибий тузилмаларининг тузилмалари, улар тўғрисидаги низомлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

2-боб. Девон ишини ташкил этиш

6. Девон иши Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари талабларини сўзсиз таъминлашга қаратилган Девоннинг таркибий тузилмалари тўғрисидаги низомлар, уларнинг иш режалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида ҳужжатлар билан ишлаш қоидаларига мувофиқ ташкил этилади.

Иш режалар таркибий тузилмаларнинг раҳбарлари томонидан тасдиқланади. Иш режаларга қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий топшириқлари инобатга олинган ҳолда тизимли ва доимий равишда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

Иш режаларнинг тўлиқ, ўз вақтида ва натижадор ижро этилиши учун таркибий тузилмалар раҳбарлари шахсан масъул ҳисобланади.

7. Девонда иш юритиш Ишлар бошқарувчиси томонидан тасдиқланадиган ҳужжатлар билан ишлаш бўйича қоидаларга асосан юритилади.

Девонда махфий иш юритиш давлат сирларини сақлаш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Барча ижро этилган ҳужжатлар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда ёки таркибий тузилмалар раҳбарларининг қарори бўйича назоратдан олинади ва архивга топширилади.

3-боб. Девонга киритиладиган асосий ҳужжатлар ва масалалар рўйхати

8. Девонга кўриб чиқиш учун:

Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳалари — келишиш, қонунчилик ташаббуси тартибида киритиш учун;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари — имзолаш ва эълон қилиш учун;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари лойиҳалари — имзолаш учун;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг (бундан буён матнда Вазирлар Маҳкамаси деб юритилади) алоҳида қарорлари лойиҳалари –келишиш учун;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Девон номенклатурасига кирувчи лавозимга тайинлаш, тасдиқлаш, тақдим этиш, келишиш ва лавозимидан озод этиш учун номзодлар бўйича таклифлар;

Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан тақдирлаш, олий ҳарбий ва махсус унвонларни бериш, улардан маҳрум этиш, шунингдек Давлат мукофотларини бериш тўғрисида тақдимномалар;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ва сиёсий бошпана бериш масалалари бўйича мурожаатлар;

Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этишга оид мурожаатлар;

чет элга чиқиши учун махсус келишув талаб қилинадиган алоҳида тоифадаги мансабдор шахсларнинг хизмат сафарларига чиқиши тўғрисида таклифлар;

Ўзбекистон Республикасининг жисмоний ва юридик шахсларининг мурожаатлари киритилади.

Девонга кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижроси юзасидан, шунингдек унинг таркибий тузилмалари ваколатларига тегишли бўлган бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.

9. Девонга келиб тушган хат-хабарлар Девон Ишлар бошқармасининг Умумий бўлимида (бундан буён матнда Умумий бўлим деб юритилади), давлат сирларини ташкил қилувчи маълумотларни ўз ичига олганлари эса Девон Ишлар бошқармасининг Режим бўйича хизматида (бундан буён матнда Режим бўйича хизмат деб юритилади) рўйхатга олинади.

Хат-хабарларни рўйхатга олмасдан туриб қабул қилишга йўл қўйилмайди.

10. Девонга киритилган, ҳал этилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти ваколатларига кирадиган масалалар бўйича Девон таркибий тузилмалари раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилади.

4-боб. Қонун лойиҳаларини келишиш, уларни қонунчилик ташаббуси тартибида Девонга киритиш тартиби

11. Девонга келишиш учун, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунчилик ташаббуси тартибида киритиш учун киритилган қонун лойиҳалари 2006 йил 11 октябрдаги ЎРҚ-60-сонли «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Қонуни талаблари инобатга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ҳамда фармойишлари лойиҳаларини кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда қўриб чиқилади.

12. Қонун лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритиш 2006 йил 11 октябрдаги ЎРҚ-60-сонли «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги ҳамда 2003 йил 29 августдаги 522-II-сонли «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

13. Девонга киритилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш, қайта ишлаш ва экспертиза қилиш Девоннинг тегишли таркибий тузилмалари томонидан уларга юклатилган вазифалар, функциялар ва ваколатларга мувофиқ амалга ош

Охирги янгиланиш: 18.10.2019 | 20:36