22 Февраль 2018
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2017 йил 28 августдаги 264-мҳ-сон буйруғи

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРИНИНГ

БУЙРУҒИ

ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ТАШКИЛОТЛАРИ ЮРИДИК ХИЗМАТ ХОДИМЛАРИНИ МАРТАБА ДАРАЖАЛАРИ БЎЙИЧА АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 35-сон, 933-модда)

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 28 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2919]

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 июндаги ПФ-5086-сон «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Фармонига ҳамда 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳайъатининг 2017 йил 25 августдаги 11/17-сон қарорига мувофиқ буюраман:

1. Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларини мартаба даражалари бўйича аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2017 йил 28 февралдаги 43-мҳ-сон «Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларини мартаба даражалари бўйича аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2865, 2017 йил 28 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 9-сон, 141-модда) ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилсин ва бу ҳақда Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрига тегишли ёзув киритсин.

4. Ҳуқуқий тарғибот ва ахборот бошқармаси мазкур идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да нашр этилишини таъминласин.

5. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

6. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш вазирнинг биринчи ўринбосари Н. Жўраев зиммасига юклансин.

Вазир Р. ДАВЛЕТОВ

Тошкент ш.,

2017 йил 28 август,

264-мҳ-сон

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2017 йил 28 августдаги 264-мҳ-сон буйруғига 
ИЛОВА

Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларини мартаба даражалари бўйича аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сонли «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимларини махсус унвон — мартаба даражалари (бундан буён матнда мартаба даражалари деб юритилади) бўйича аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом мақсадлари учун давлат органлари ва ташкилотлари деганда давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари тушунилади.

2. Мазкур Низом талаблари:

Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасаларидан ишга ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти девони бошқарув ходимларига;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг юридик хизматлари ходимларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосарига ҳамда унинг аппарати етакчи мутахассисига нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Мартаба даражалари бўйича аттестациядан ўтказиш юридик хизмат ходимининг навбатдаги аттестациядан ўтиши деб ҳисобланмайди ҳамда аттестациядан ўтиш муддатининг узайтирилишига асос бўлмайди.

2-боб. Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш

4. Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимларининг мартаба даражаларига тавсия этилган номзодлари Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғига асосан тузиладиган Юридик хизмат ходимларини мартаба даражалари бўйича аттестациядан ўтказиш комиссияси (бундан буён матнда аттестация комиссияси деб юритилади) томонидан аттестациядан ўтказилади.

5. Аттестация комиссиясининг фаолияти қонунийлик, одиллик, холислик, беғаразлик ва коллегиаллик принциплари асосида амалга оширилади.

6. Мартаба даражаларига тавсия этилган юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш ишлари тегишлича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бошқармаси ва унинг ҳудудий шўъбалари томонидан ташкил этилади.

7. Мартаба даражаларига тавсия этиш ҳақидаги ҳужжатлар тегишлича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бошқармаси ёки унинг ҳудудий шўъбалари томонидан кўриб чиқилади ҳамда тегишли таклифлар билан аттестация ўтказиш масаласини кўриб чиқиш учун аттестация комиссиясига тақдим этилади.

8. Мартаба даражаларига тавсия этилган юридик хизмат ходимларининг аттестацияси тегишли ҳужжатлар аттестация комиссиясига тақдим этилган кундан бошлаб бир ой ичида ўтказилади.

Аттестация комиссияси йиғилишида мартаба даражасига тавсия этиш масаласи маълумот-тавсифномада келтирилган иш фаолияти натижалари, касбий тайёргарлик даражаси инобатга олинган ҳолда юридик хизмат ходимининг иштирокисиз кўриб чиқилади.

Зарур ҳолларда, мартаба даражаларига тавсия этилган номзодлар аттестация комиссияси томонидан суҳбатдан ўтказилиши мумкин.

9. Ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича аттестация комиссияси томонидан қуйидаги хулосалардан бири қабул қилинади:

номзодга мартаба даражаси бериш мумкинлиги тўғрисида;

номзодга мартаба даражаси бериш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида.

10. Аттестация комиссияси адлия вазирига давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тавсия этилган мартаба даражасидан юқори ёки паст мартаба даражаси бериш таклифи билан чиқиши мумкин.

11. Аттестация комиссиясининг хулосаси комиссия ишида аъзоларнинг учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Аттестация натижалари комиссия мажлиси баённомаси билан расмийлаштирилади.

12. Аттестация комиссиясининг хулосаси мартаба даражасини бериш масаласини ҳал қилиш учун тегишли ҳужжатлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси адлия вазирига тақдим этилади.

13. Мартаба даражаси адлия вазирининг ташаббусига кўра берилганда аттестация ўтказилмайди.

3-боб. Якуний қоида

 

14. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Охирги янгиланиш: 23.08.2019 | 00:58