22 Февраль 2018
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 ноябрдаги 886-сон қарори

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАДАНИЯТ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ МАДАНИЯТ ВА САНЪАТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЖАМҒАРМАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 16 октябрдаги ПҚ-3325-сон қароринибажариш юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизими муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ва даромадлари жамғарилишини таъминлаш, Маданият вазирлиги тизими муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ходимларини моддий рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Кенгашининг таркиби 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони 11 нафар бўлган ижрочи дирекцияси тузилмаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирига, зарурат бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг тузилмасига ходимларнинг белгиланган чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

2. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасини жойлаштириш учун тегишли бино ажратиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда таклифлар киритсинлар.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тўғрисидаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 15 мартдаги 141-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 3-сон, 30-модда) 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва туризмни ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2017 йил 1 ноябрь,

886-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 ноябрдаги 886-сон қарорига 
1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.

3. Жамғарма давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига, миллий ва хорижий валютада банк ҳисобрақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрига эга бўлади.

2-боб. Жамғарманинг асосий вазифалари ва функциялари

4. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

«Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг таъминотини амалга ошириш;

молиявий, ташкилий ва ижодий тадбирлар мажмуасини амалга ошириш асосида маданият ва санъат соҳасининг янада ривожланишига кўмаклашиш, шунингдек, маданият арбоблари ва улар томонидан ташаббус кўрсатилаётган тасвирий санъат, адабиёт, театр, мусиқа ва хореография соҳасидаги тадбирларнинг ўтказилиши учун ҳар томонлама кўмаклашиш;

халқаро ва давлатлараро маданий алоқаларни кенгайтириш, маданият ва санъат соҳасидаги халқаро маданият ташкилотлари ва хайрия жамғармалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш, мамлакатимизда ҳомийликнинг ривожланишига кўмаклашиш;

Ўзбекистон санъатининг жаҳон адабий ва маданий муҳитига интеграцияси ва маданиятлараро ижодий мулоқотни йўлга қўйиш, шунингдек, мамлакатнинг рақобатбардошлигини ва илмий-техник салоҳиятини намойиш қилишга кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги муассасаларнинг маданият ва санъат соҳасидаги кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, уларни зарур адабиётлар ва даврий нашрлар билан таъминлаш;

хорижий тажрибани эътиборга олган ҳолда, мамлакатимизнинг музей ва бошқа маданий муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш;

молиялаштириш, шунингдек, халқаро стандартларга мувофиқ ҳолда янги маданият муассасаларининг қурилишида кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг мукаммал ва жорий таъмирланишини амалга ошириш;

халқаро институтлар, ҳукуматлар, ҳомийлар ва хорижий донорлар билан ҳамкорликда лойиҳаларнинг биргаликда молиялаштирилишини ташкил этишни таъминлаш;

ижобий халқаро тажрибани республикада жорий қилишга доир таклифларни тайёрлаш мақсадида маданият ва санъат соҳасини молиялаштириш бўйича ривожланаётган ва ривожланган давлатларнинг тажрибасини ўрганиш;

аҳолига пулли хизматлар кўрсатиш ҳажмини ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги бюджет муассасалари ва ташкилотларини ривожлантириш жамғармаларига маблағлар тушумини ошириш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

қонунчиликда белгиланган манбалардан келиб тушувчи маблағлар жамғарилишини таъминлаш;

ажратилаётган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича тадбирларга маблағларни мақсадли ажратиш.

5. Жамғарма ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

даромад ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, шунингдек, тасдиқланган даромад ва харажатлар сметасига мувофиқ ҳолда «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг ҳисобрақамига маблағларнинг доимий ўтказилишини таъминлаш;

миллий ва хорижий маданият ва санъат намоёндаларининг ижоди билан танишишга доир тадбирларни ташкиллаштириш;

маданият ва санъатнинг турли соҳаларини оммалаштириш, шунингдек, маданият арбобларини қўллаб-қувватлаш тадбирларини ўтказиш;

Жамғарма ҳомийлигида ўтказиладиган тадбирларнинг календарь режасини тузиш ва тасдиқлаш;

хорижий шериклар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзаро тадбирлар, шу жумладан уларнинг инвестиция лойиҳаларида, грантларни ажратишдаги иштирокини ташкиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси маданияти ва санъатини ривожлантиришга йўналтирилган бошқа ёрдамлар кўрсатиш;

маданият ва санъатни ривожлантириш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

Ўзбекистон маданият ва санъат арбобларини жаҳон маданий ҳамжамиятига кенг жалб этиш, шу жумладан уларнинг халқаро кўргазмалар, конференциялар, фестиваллар ва шу кабилардаги иштирокини таъминлашга доир тадбирларни ташкиллаштириш ва ўтказиш;

маданият ва санъатни оммалаштириш ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган Ўзбекистон Республикасида халқаро маданий тадбирларнинг ўтказилишини ташкил қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги муассасаларнинг маданият ва санъат соҳасидаги кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир тадбирларни ташкиллаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларининг ўқувчи ва талабаларини моддий рағбатлантириш тадбирларини молиялаштириш;

хорижий тажрибани ўрганиш ва музейлар ҳамда бошқа маданият муассасаларининг фаолияти самарадорлигини оширишда кўмаклашиш;

хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда янги маданият муассасалари қурилишини молиялаштириш ва кўмаклашиш;

маданият муассасаларини лойиҳалаш, реконструкция қилиш ва қуриш учун етакчи халқаро экспертларни жалб этиш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш бўйича тадбирлар режасини тузиш ва уларнинг мукаммал ва жорий таъмирланишини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш ва тасдиқланган тадбирлар режасига мувофиқ таъмирлаш ишларини амалга ошириш;

маданият ва санъат соҳасини молиялаштириш бўйича хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва уларни жорий қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

жорий ҳолатни ўрганиш, шунингдек Маданият вазирлиги тизимидаги ташкилотлар томонидан аҳолига кўрсатилаётган пулли хизматлар ҳажмини ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш;

таҳлил ўтказиш ва Жамғармага маблағларнинг ўз вақтида тушишини таъминлаш;

Жамғарма маблағларининг тушиши ва сарфланишини прогноз қилиш;

ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини мониторинг қилиш;

Жамғарманинг даромад ва харажатлари сметаларини ишлаб чиқиш ва уларни Жамғарма Кенгашига тасдиқлаш учун киритиш;

Жамғарма даромадлари ва харажатларининг ҳисобини юритиш ва уларнинг бажарилиши бўйича Жамғарма Кенгашига ҳар чораклик ҳисоботни тақдим этиш.

3-боб. Жамғарма фаолиятини ташкил этиш тартиби

6. Жамғарма Кенгаши Жамғарманинг юқори органи ҳисобланади. Жамғарма Кенгашининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

7. Жамғарма Кенгаши:

Жамғарманинг режалаштирилган лойиҳалар бўйича кейинги йил учун даромад ва харажатлар сметасини ҳар йили 25 декабргача тасдиқлайди;

Жамғарманинг чорак якуни бўйича даромадлари ва маблағларининг харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилади;

хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этишда Жамғармани қўллаб-қувватлайди;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган бошқа ваколатларни амалга оширади;

Жамғарманинг тузилмасини, штатлар сонини ва Жамғармани таъминлаш маблағларининг чекланган умумий миқдорини белгилайди.

8. Жамғарма Кенгаши Кенгаш Раисининг таклифига биноан билан Жамғарманинг даромад ва харажатлар сметасига ўзгартиришлар киритиши мумкин.

9. Жамғарма фаолиятини бошқаришни Жамғарманинг ижрочи директори амалга оширади.

Жамғарманинг ижрочи директори Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

10. Жамғарманинг ижрочи директори:

Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасини тайёрлайди ва тасдиқлаш учун Жамғарма Кенгашига тақдим этади;

Жамғармага юкланган асосий вазифалар ва функцияларга мувофиқ Жамғарма фаолиятини ташкиллаштиради, ходимларнинг чекланган умумий сони доирасида ижро органининг штатлар жадвалини шакллантиради, хўжалик, меҳнат ва бошқа шартнома ва ҳужжатларни Жамғарма номидан имзолайди;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Иқтисодий таҳлил ва молия бошқармаси билан биргаликда, белгиланган тартибда Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини текширишни ташкиллаштиради, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўради;

ҳар ярим йилда камида бир марта Жамғарма Кенгашига Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши ҳақидаги ҳисоботни тақдим этади;

Жамғарма маблағлари тушумларини кўпайтириш ва улардан самарали фойдаланилиши, шу жумладан хорижий инвестиция ва ҳомийларни жалб этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

мазкур Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.

11. Жамғарма ижрочи директори таклифига биноан Жамғарманинг Васийлик кенгаши тузилиши мумкин, унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Охирги янгиланиш: 14.11.2019 | 19:01