12 Март 2018
ИСЛОҲОТЛАРНИНГ АМАЛИЙ ТАМОЙИЛЛАРИ

    Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, қонунчилик муносабатлари, ўтказилган ишлар тадрижи ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифалар борасида зарурий билим ва кўникмаларга эга бўлиш ҳар биримизнинг фаоллигимизни белгилайди. Маълумки, 2017 йил 22 декабрь санасидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Парламентга Мурожаатномасида биз тилга олаётган масалалар хусусида ҳисобот учрашуви бўлиб ўтган. Шу муносабат билан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида доцентлар Мусаллам Абдужаббарова ҳамда Зебо Қосимовалар бошчилигида институтнинг 1-босқич магистрантлари мазкур мурожаатнома билан атрофлича таништирилди.

    Аудиторияда давлат раҳбари тилга олган масалалар чуқур ўрганилиб, кенг муҳокама қилинди. Йиғилишда Ўзбекистон тарихида илк маротаба Президентнинг Парламентга 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномаси тақдим этилгани, ушбу ҳодиса ижтимоий ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга эканлиги, республикада таълим тизими, соҳадаги амалга оширилаётган ишлар хусусида магистрант ёшларнинг фикрлари ўрганилди.

Шунингдек, йиғилишда давлат раҳбари 2018 йилга юртимизда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном беришни таклиф этганлиги, бу борада амалга оширилаётган турли инновациялар, қатор ислоҳотларнинг амалий тадбиғи юзасидан мулоҳазалар ўрганиб чиқилди. Шу билан бирга, ёш тадқиқотчи изланувчиларнинг илмий диссертация ишларида инновацион ғоялар, фанда интеграциялаш тамойиллари юзасидан маълумотлар берилди.

Жумладан, Мурожаатномада назарда тутилган эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга ошираётган ислоҳотларда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг алоҳида ўрни борлиги, аҳолининг муаммоларини тизимли ўрганиш, уларни аниқ ҳал этиш, айниқса, ижтимоий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш масалаларида бу ташкилотларнинг иштироки етарли даражада сезилмаяпти. Бу борадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашини тузиш, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунни ишлаб чиқиш таклифлари ўрганилди.

    Мазкур ишлар, жараёнлар юртимизда олиб борилаётган зарурий ислоҳотларнинг амалий тамойилларини белгилайди. Ўйлаймизки, ўтказилаётган шундай учрашувлар, давра суҳбатларининг барчаси магистрант ёшларда ҳуқуқий маданиятнинг шаклланишига, келгусида жамият тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшишларига замин яратади. Давлат раҳбари кўзлаган улкан мақсадларнинг истиқболлари нурафшон бўлсин!

Охирги янгиланиш: 11.12.2018 | 11:07