13 Март 2018
МУЗЕЙДА ЯНГИ КЎРГАЗМАЛАР

    Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи музейида “Самарқанд музейи дурдоналари” туркумидан “Юртимиз манзаралари – рангин бўёқларда” хамда “Нафис чиннилар жаранги” номли кўргазмалар очилди.

     “Юртимиз манзаралари – рангин бўёқларда” деб номланган кўргазмада бундан бир аср муқаддам яратилган ноёб рангтасвир асарлари билан биргаликда ўтган асрнинг 80-йилларида Самарқандда ўтказилган “Акварелчи рассомлар симпозиуми”да иштирок этган рассомлар томонидан яратилган 50 га яқин асарлар ҳам намойиш этилмоқда. Кўргазмада намойиш этилаётган асарлар машҳур рангтасвирчи рассомлар Р.Зоммер, Н.Каразин, Л.Буре, З.Иноғомовлар томонидан юртимиз манзаралари - кўчалар, тарихий обидалар, бозорлар, карвон йўллари оддий мойбўёқ ва мўйқаламда мусаввирларнинг сеҳрли қўллари билан матога туширилган.

 

 

    Графиканинг муҳим бир тури ҳисобланган сувбўёқда ишлаш, яъни акварель техникаси мураккаблиги билан рассомдан катта маҳорат талаб қилади. Қ.Башаров, Л.Агирян, Г.Ким, А.Юнусов ва Б.Йўлдошев каби моҳир рассомлар томонидан ишланган “Тонг”, “Ўрик гуллаганда”, “Қўрғонча” номли асарларда машаққатли ижодий меҳнатнинг ёрқин намуналари акс этган.

    Кўргазмаларнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ва Самарқанд шаҳри жамоатчилиги вакиллари, мусаввирлар, маданият ходимлари, музейшунослар, чиннипазлар, ҳунармандлар ва талаба-ўқувчилар иштирок этишди.

 

     Ўзбекистон Фанлар Академияси Археология институти директори А.Бердимуродов, мусаввирлар А.Фозилов, М.Турдиева, санъатшунослик фанлари номзоди Ҳ.Жўраев, санъатшунослар М.Набираева, С.Рўзимуротова ва бошқалар сўзга чиқиб, ушбу кўргазмаларга қўйилган ноёб санъат асарларининг аҳамияти ҳақида гапирдилар.

 

 

 

Охирги янгиланиш: 18.06.2018 | 18:39