13 Апрель 2018
 ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ АКАДЕМИК РУС ДРАМА ТЕАТРИНИНГ  САНКТ-ПЕТЕРБУРГДАГИ ИЖОДИЙ  ҒАЛАБАСИ

          ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ АКАДЕМИК РУС ДРАМА ТЕАТРИНИНГ

 САНКТ-ПЕТЕРБУРГДАГИ ИЖОДИЙ  ҒАЛАБАСИ

 Аввал бир неча бор таъкидлаб ўтганимиздек, Ўзбекистон давлат академик рус драма театри Санкт-Петербургда бўлиб ўтган “Встречи в России”фестивалида муваффақиятли равишда иштирок этди.

2018 йилнинг 10 апрели  Ўзбекистон давлат академик рус драма театри ижодий жамоаси ижодкорлари қалбида узоқ вақт сақланиб қолишига шубҳа йўқ. Чунки театр жамоаси  намойиш этган “Ревизор” спектакли Россиянинг санъатсевар томошабини ва меҳмонларининг олқишига  чин маънода сазовор бўлди. 

Спектакль бетўхтов кулгу ва давомли қарсаклар билан томоша қилинди. Гоголнинг машҳур асарига янгича ёндошув ўзини тўлалигича оқлади. Спектаклнинг  жонли ижродаги мусиқа, рус халқ қўшиқлари ва  рақслари билан бойитилганлиги,  образлар талқинидаги янгиликлар кўпчиликка маъқул бўлди.

Аввал таъкидлаганимиздек, спектакль  тугагач, фестиваль директори ва бадиий раҳбари Марина Беляева сўзга чиқиб, театр жамоасини ажойиб спектакль ва эришилган муваффақият билан қутлади. Спектакль режиссёри Бахтиёр Ҳамидовга фестиваль дипломи ва эсдалик совғаларини тантанали равишда топширди.     

         Фестиваль намойишининг эртаси куни, яъни 11 апрелда  бўлиб ўтган муҳокамада турли мамлакатлардан таклиф этилган бир неча театршунос олимлар спектакль борасида ўз фикрларини билдирдилар. Ушбу таҳлилий  мулоҳазаларнинг баъзиларидан мисол  келтириб ўтиш ўринлидир. Муҳокамада сўзга чиққан Россия Федерациясининг таниқли театршунос олимаси Римма Кречетова ўзининг бир қатор қизиқарли фикрларини  баён этди.

         “Мен томоша қилган бугунги спектакль Гоголнинг машҳур “Ревизор”и ҳақидаги тасаввурларимиз  чегараларини  ёриб чиққан. Бу ёндошувни биз Хлестаков ва Ҳоким образларида кўришимиз  мумкин. Масалан, Юрий Антипин ижросидаги Хлестаков образи ёқимтой лўттибоз қиёфасида намоён бўлади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Олег Галахов ҳам Ҳоким образига янгича ёндошган. Унинг Ҳокими томошабинда ҳамдардлик уйғотади. Актёрнинг талқинида у қўл остидагилардан хиёнат кўрган мансабдор, алданган эр, ғурури топталган ота сифатида нимоён бўлади.  Салбий образга бундай ёндошув “ҳар қандай  ёмон кишининг ҳам  биргина бўлса-да  ижобий хислати бўлади” деган машҳур иборанинг исботи сифатида янграйди”.

         .Россия Федерацияси театрлари фестиваллари эксперт кенгаши раиси, “Вопросы театра” журнали бош муҳаррири Марина Тимашева ҳам Ўзбекистон театр санъати ва “Ревизор” спектакли борасида қуйидаги фикрларини билдирди. “Аввало шуни айтишим керакки, ўзбек театр санъати рус театр санъати ва адабиётига чексиз ҳурмат билан қараши яққол кўриниб турибди. Актёрлар рус маданияти, мусиқаси, рақслари, менталитети ва охир-оқибат тилини мукаммал ўрганганлиги ва юксак даражада  эгаллаганлиги юқоридаги фикримнинг исботидир. Актёрлар универсал, улар нутқи соф. Ҳозир дунё  театр санъатида бир тамойил кенг ёйилган. Яъни, матн кам ишлатилиб, асосан пластика устиворлигига интилиш кучли. Бу театрда эса ҳар иккисининг уйғунлигини кўрдим. Шунингдек, спектакль сценографияси ҳам таҳсинга лойиқ”.

         

Охирги янгиланиш: 16.07.2018 | 21:18