14 Апрель 2018
“Ёшлик баҳори” ёш опера ижрочиларининг республика кўрик-фестивали ғолиблари тантанали тақдирланди

Аввал хабар қилганимиздек, “Ёшлик баҳори” ёш опера ижрочиларининг республика кўрик-фестивали ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ҳамда якуний гала концерт 14 апрель куни соат 18:00да Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида бўлиб ўтди.

Фестиваль ғолибларини Маданият вазирининг биринчи ўринбосари О.Назарбеков ва Ҳакамлар ҳайъати раиси, Ўзбекистон халқ артисти Р.Усманов тақдирлаб, бу йилги саралаш босқичида юксак истеъдодга эга бўлган ёш ижрочилар сони ҳар йилгидан кўпайганлиги сабаб уларни саралаш жараёни бир мунча қийинчилик туғдирганини ҳам таъкидлашди. Фестиваль ғолиблари ва фаол иштирокчилар янада кўпроқ изланиб, ўз устида ишлаб мамлакатимиз опера санъатини дунё саҳналарида тараннум этишга ўз ҳиссаларини қўшишларига ишонч билдиришди.

Ғолиб ва совриндорлар Маданият вазирлигининг диплом, фаҳрий ёрлиқ ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан кўрик фестивалнинг фаҳрли 1-ўринига:

Рахмонов Дамир Уктамович (эркин ижодкор),

Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Мухаммадиев Камолиддин Фахриддин ўғли;

2-ўринга:

Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри опера солисти Абдурахимов Султонбек Шокиржон ўғли,

Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Содиқова Ҳилола Салоҳиддин қизи;

3-ўринга:

Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Жуманиязов Аминзода Ғайратович,

Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Шерманов Сапарбай Насирович лойиқ деб топилди.

Шунингдек, фестивалнинг “Ёш ва умидли опера ижрочиси” номинацияси бўйича Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги иқтидорли болалар академик лицейи ўқувчиси Закирова Ленара Рафаелевна, “Кўрик-фестивалнинг энг яхши жўрнавози” номинацияси бўйича Ўзбекистон давлат консерваторияси концертмейстери Тернових Ольга Константиновна ғолиб деб топилди.

Андижон санъат коллежи ўқувчиси Абдурашитова Хуснидахон Анваржон қизи, Самарқанд санъат коллежи ўқитувчиси Волф Азиз Хайдарович, Бухоро санъат коллежи ўқувчиси Садиллоев Ҳусниддин Иззатбек ўғли, Термиз санъат коллежи ўқувчиси Эргашев Суюнбек Жуманазар ўғли, Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Алиева Розия Муродали қизи эса фестивалдаги фаол иштироклари учун фаҳрий ёрлиқлар билан тақдирланишди.

Шундан сўнг, йиғилганлар учун Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг устоз санъаткорлари, етук опера ижрочилари ҳамда кўрик-фестиваль ғолиблари иштирокидаги гала концерт намойиш этилди.

“Ёшлик баҳори” ёш опера ижрочиларининг республика кўрик-фестивалининг бу йилги мавсуми ҳам кутилганданда аъло даражада ўтказилди.

Маданият вазирлиги фестивалнинг бу йилги ғолиб ва совриндорлари ҳам ўзларига билдирилган ишонч ва эътирофни оқлаб, келажакда бунданда юқорироқ чўққиларни эгаллашлари ҳамда санъатнинг ноёб тури бўлган опера ижрочилигини янада катта саҳналарда ва баланд пардаларда жаранг сочишига ўз ҳиссаларини қўшишларига ишонч билдиради.

Охирги янгиланиш: 15.12.2018 | 15:08