12 Май 2018
Хатирчида "Ҳуқуқий ахборот кунлари" ва "Адлия сайли" бўлиб ўтди

Навоий вилояти Хатирчи туманида "Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак" шиори остида "Ҳуқуқий ахборот кунлари" ва "Адлия сайли" бўлиб ўтди.

2-4 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгаш ташаббуси билан Хатирчи туманида "Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак" шиори остида "Ҳуқуқий ахборот кунлари" ва "Адлия сайли" бўлиб ўтди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикасининг "Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида"ги Қонуни ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 8 февралдаги "Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг ижросини таъминлаш экани учрашувлар аҳамиятини янада оширди.

"Ҳар бир оилага - бир китоб" лойиҳаси доирасида аҳолига 600 дона ҳуқуқий ва бадиий адабиётлар берилди.

Тадбир доирасида ташкил этилган "Сиз қонунни биласизми?" мусобақасида касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳуқуқий билимларини синовдан ўтказдилар. Бунда Хатирчи педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи жамоасига тенг келадигани топилмади. "Навоийхонлик" мушоирасида ёшлар ўз маҳоратини намойиш этди. Шунингдек, ўқувчилар ҳуқуқшунослик фани бўйича ҳам ўзаро беллашдилар. Танловларда фаол иштирок этган ўқувчиларга адлия бошқармасининг ҳуқуқий ва бадиий китоблардан иборат эсдалик совғалари топширилди.

"Ҳуқуқий ахборот кунлари" лойиҳаси туман марказидаги маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтган "Адлия сайли" билан якунланди. Унга 5 мингдан ортиқ фуқаро ҳамда 53 ташкилот ўзининг "ахборот бурчаклари" билан иштирок этди.

Навоий вилоят Маданият бошқармаси қошида ташкил этилган “Наво” ашула ва рақс ансамбли санъаткорлари, иқтидорли ёшлар, татар, корейс ва рус миллий маданий марказлари бадиий ҳаваскорлик жамоалари ҳамда "Фарҳод" маданият саройининг мусиқий дастурлари, тумандаги спорт тўгараклари томонидан намойиш этилган кўргазмали чиқишлар, футбол мусобақаси, китоблар ярмаркаси, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси каби тадбирлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

 

Охирги янгиланиш: 19.08.2018 | 12:09