14 Май 2018
УСТОЗНИНГ ЁРҚИН ХОТИРАСИГА БАҒИШЛАБ...

Ўзбек халқининг маданияти, санъатининг довруғи бутун дунёга ёйилган. Айниқса, чавандозлик санъати жаҳон цирки ареналарида ўзбек йигитларининг бетакрор маҳоратлари орқали намоён бўлган.

Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Қаҳрамони Карим Зарипов халқ цирки томошаларини замонавий гумбазости майдонига мослаган, таълим-тарбия мактабини ярата олган ва янги цирк санъатига асос солган дарғалардан бири эди, — дейди Эстрада-цирк коллежи директори Карима Зарипова. — Карим Зарипов ўзбек миллий цирк санъатини, яъни унинг профессионал йўналиши ва мактабининг асосчисидир. Бу улуғ устоз бутун умрини цирк санъатига бағишлаб, унинг ривожига салмоқли ҳисса қўшиб, цирк санъатининг истиқболини белгилаб берган, десак муболаға бўлмайди. XXI аср цирк санъати аслида шу улуғ устознинг фаолияти билан чамбарчас боғлиқ.

Тошкент давлат цирки пайдо бўлгандан сўнг Карим Зарипов “Чавандоз йигитлар” гуруҳини тузиб, нафақат Ўзбекистонда, қолаверса, бутун жаҳонда чавандозлик санъатининг юксалишига хисса қўшган. Айнан 1930-1950 йиллар давомида Карим Зариповнинг фаолияти ва тажрибаси бутун жаҳонда кенг қулоч ёйди. Россия, Хитой, Франция цирк ҳамда чавандозлик санъати Карим Зариповнинг маҳорати ва истеъдоди билан боғлиқ.

1932-1933 йилларда Карим Зарипов ташаббуси билан ҳозирги Республика Эстрада цирк коллежи жойлашган бинода цирк, мусиқа ва актёрлик санъати турларини ўрганиш бўйича цирк билим юрти ташкил этилди. Шу билан бирга ушбу билим юртида директор ва ўқитувчилик лавозимида ҳам фаолият юритган. 1937 йилда бино янгидан реконструкция қилинган ва 1940 йилда халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилиб, кечки мактаб биноси сифатида ҳам фойдаланилган.

1978-1983-йилларда Республика Эстрада санъати студияси деб юритила бошлади. 1996 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 16 июлдаги 304-Ф-сонли фармойиши ва Маданият ишлари вазирлигининг 1996-йил 5-августдаги 210-сонли буйруғига асосан “Эстрада-цирк коллежи” деб юртилиб келган коллеж 2010-йил декабрь ойидан буён Республика Эстрада-цирк коллежи мақомига эга бўлди.

 Шу йили Карим Зариповнинг 125 йиллиги ва биринчи цирк санъати мактаби ҳамда студиянинг ташкил этилганига 85 йил тўлади, — дейди ушбу коллежнинг маънавий-маърифий ишлари бўйича директор ўринбосари Дилноза Джураева. — Ҳозирги кунда ушбу бино Республика маданий мерос объектлари рўйҳатига киритилган. Ҳар йили неча-неча ўқувчиларни коллеждан учирма қиламиз. Кўриб турганингиздек буларнинг барчаси иқтидорли болалар. Репетиция жараёнида бир нарса маълум бўлдики, бу йилги битирувчиларимиздан айримлари цирк манежида баъзи жанрларда бемалол томошалар кўрсата олишади.

Карим Зарипов шундай улуғ цирк намоёндоси эдики, унинг бутун умри цирк майдонида ўтган. У ижодий фаолияти давомида муносиб шогирдлар тайёрлади, Зариповлар сулоласини яратиб, ҳаётлигидаёқ ўзига ҳайкал қўйишга муяссар бўлди. Бугун устознинг шогирдлари, ўғил-қизлари, набира ва чеваралари нафақат Ўзбекистонда, балки, жаҳон цирк майдонларида ўз маҳоратларини намойиш этишган ва ҳамон бу ишни давом эттиришмоқда.

 Куни кеча ўзбек циркининг энг йирик дарғаси Карим Зариповнинг ёрқин хотирасига бағишлаб собиқ коллеж битирувчилари, бу йилги битирувчилар ҳамда ўқитувчилари “Ўзбек давлат цирки” манежида катта цирк томошасини томошабинлар эътиборига ҳавола этишди, — дейди “Ўзбек давлат цирки” ДМси директор ўринбосари Мирҳосил Тўрабеков. — Бунда ушбу коллеж битирувчилари ўз маҳоратларини намойиш этишлари учун катта имконият яратилди. Биз аминмизки, шу ўқувчилар орасидан Карим акага муносиб издошлар етишиб чиқади. Ишончимиз комилки, шу аснода устоз Карим Зариповнинг ўлмас анъаналари, унинг ўзига хос ижодий услуби ва миллий мактаби давом этаверади, янада равнақ топаверади.

 

“Ўзбек давлат цирки”

Матбуот хизмати

Охирги янгиланиш: 21.07.2018 | 17:08