15 Май 2018
“Хонобод таровати 2018” фестивали кўтаринки руҳда ўтди.

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри ҳам ана шундай диққатга сазовор, сўлим гўшалардан биридир. Бу ерда бўлаётган бунёдкорлик ишлари шаҳарнинг янада гўзаллашишига сабаб бўлмоқда. Куни кеча Андижон вилояти хокимлиги, вилоят маданият бошқармаси ташаббуси билан “Хонобод таровати 2018” фестивали бўлиб ўтди.

Анъанавий тарзда ўтказилиб келинадиган бу фестиваль ўтган йилгиданда тароватли, қизиқарли тарзда ўтказилди. Атрофини ям-яшил адирликлар, табиат мўжизалари ўраб турган истирохат боғида халқ сайллари, туманлардан ташриф буюрган маданият муассасаларининг турли чиқишлари, касб-хунар коллежларининг қўл меҳнати ила тайёрланган кўргазмалари фестивалга келган одамларнинг эътирофига сазовор бўлди.

Андижон вилояти қўғирчоқ театрининг ижодий жамоаси ҳам, ота-онаси билан ташриф буюрган жажжи болажонларни бир даврага йиғиб улар билан эртак қаҳрамонлари тимсолида, шўҳ мусиқа садолари остида рақсларга тушишди. Катта ёшдаги инсонлар ўзларининг ёшлигини эслаб эртак қаҳрамонларига жўр бўлиб давра файзини янада жонлантиришди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли мусиқали драма театрининг “Тўйлар муборак” спектакли, Ёшлар театрининг чиқишлари томошабинларни театр санъатига янада яқинлаштирди.

“Хонобод таровати 2018” фестивали кўпгина тадбирларни ўз ичига олган.Жумладан “Ёшлар келажак бунёдкори” кўрик танлови, “Назм ва наво” кечаси, “Аския базми” “Миллий либослар”кўргазмаси ҳамда энг қувонарлиси Ўзбекистон халқ артисти , устоз актёр Сойиб Хўжаев таваллудининг 107 ёши тантанали тарзда нишонланди.

“Ёшлар маркази”да ташкил қилинган мўжазгина саҳнада “Ёшлар иттифоқи“ нинг Андижон вилоят кенгаши томонидан саҳналаштирилган кўнгилочар томошалар ёшларни мириқиб дам олишига имкон берди.

Юртимиздаги сўлим гўшаларнинг бирида ўтказилган “Хонобод таровати 2018” фестивалининг мақсади ёшларни миллий анъаналаримиз билан таништириш, уларни келажак бунёдкори бўлишдек маъсулиятини янада кучайтириш, бўш вақтларини мазмунли ўтишини таъминлаш, миллий ва эстрада ижролари, театр томошалари ва аския санъати билан яқиндан таништиришдан иборат.

 

Охирги янгиланиш: 21.07.2018 | 17:08