16 Май 2018
Адлия вазирлиги «Ҳуқуқий мавзуни энг яхши ёритган блогер»ни тақдирлайди

Адлия вазирлиги Блогерлар чемпионати доирасида «Ҳуқуқий мавзуни энг яхши ёритган блогер» номинациясини жорий қилди. 

Номинацияда исталган ёш ва касбдаги шахслар қатнашиши мумкин. Мазкур номинация ғолиби вазирликнинг эсдалик совғаси билан тақдирланади. Ғолиблар вазирликнинг Ҳуқуқий ахборот ва маърифат бошқармаси томонидан аниқланади. 

Номинация ғолибини аниқлашда иштирокчиларнинг мустақил фикрига, ҳуқуқ соҳасидаги муаммоларни аниқ мисоллар билан очиб бериш ва уларнинг ечимларини таклиф этишига, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги бўшлиқлар, қарама-қаршиликлар, қонунчиликдаги ечимини кутаётган масалалар, бу борада ривожланган давлатларнинг блогерлар ўзлари гувоҳи бўлган, синовдан ўтган тажрибаларини жорий қилиш, бир сўз билан айтганда, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича илгари сурилган таклифларга алоҳида аҳамият берилади.

Эслатиб ўтамиз, Блогерлар чемпионати уч босқичда бўлиб ўтади. Ғолиб ва совриндорлар 14 июнь — Халқаро блогерлар кунида тантанали равишда тақдирланади.

Олдинда ҳали вақт бор. Чемпионатда қатнашишга улгурмаган, лекин истаги бўлган барча-барча юртдошларимиз ўз ижодий ишларини йўллаб, ғолибликка ҳаракат қилишлари мумкин. Ўз иқтидорингиз ва омадингизни синаб кўришдан тортинманг! Блогерлар мусобақасига қўшилинг!

Охирги янгиланиш: 15.12.2018 | 15:08