16 Май 2018
УСТОЗ САНЪАТКОР КАРИМ ЗАРИПОВНИНГ АНЪАНАЛАРИ ВА ЗАМОНАВИЙ ЦИРК САНЪАТИ

Санъатнинг бир қанча ноёб турлари мавжудки, улар орасида цирк санъатининг ўрни беқиёсдир. Ўзбек халқининг маданияти, санъатининг довруғини дунё билади десак янглишмаймиз. Айниқса, чавандозлик санъати жаҳон цирки ареналарида ўзбек йигитларининг бетакрор маҳоратлари орқали намоён бўлиб келган. Карим Зарипов ҳам ўзбек цирк санъатининг асосчиларидан биридир. У кишининг 125 йиллиги Ўзбекистонда кенг нишонланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Давлат санъат музейида 2018 йилнинг 15-май куни Республика эстрада-цирк коллежи билан ҳамкорликда машҳур чавандознинг ҳаёти ва ижодини хотирлаб “Устоз санъаткор Карим Зариповнинг анъаналари ва замонавий цирк санъати” номли кўргазмаси ўтказилди.

Ўзбекистон Халқ артисти, Ўзбекистон Қаҳрамони Карим Зарипов халқ цирки томошаларини замонавий гумбаз ости майдонига мослаган, таълим-тарбия мактабини ярата олган ва янги цирк санъатига асос солган дарғалардан бири ҳисобланади. Бу улуғ инсон ўз умрини цирк санъатига бағишлаб, юртимизда цирк санъатининг тараққиётига катта ҳисса қўшдилар. XXI асрда ўзбек цирк санъати анъаналарининг давомийлиги аслида шу улуғ устознинг фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир. Карим Зарипов ўзининг ташкилотчилик хусусиятларидан келиб чиқиб, тез орада цирк оламида қизиқчилик ва чавандозлик санъатини кенг ривож олишига сабаб бўлди. Тошкент давлат эстрада цирк ташкилоти пайдо бўлгандан сўнг, “Чавандоз йигитлар” гуруҳини тузиб, нафақат Ўзбекистонда қолаверса, бутун жаҳонда ўзбек чавандозлик санъатини намойиш этган. 1930-1950 йиллар давомида Карим Зариповнинг фаолияти бутун жаҳонга кенг ёйилди.

Кўргазмада ўзбек миллий цирк санъати пайдо бўлишига туртки бўлган Ўзбекистон Халқ артисти, Ўзбекистон Қаҳрамони Карим Зариповнинг фаолияти билан боғлиқ суратлар, фотосуратлар, от анжомлари, чавандознинг либослари ҳамда Республика эстрада-цирк коллежининг йиллар давомида эришган ютуқлари акс этган фотосуратлар намойиш этилади. Кўргазманинг очилиш маросимида коллеж ўқитувчилари ва ўқувчилари томонидан тайёрланган концерт дастурида ҳам ўрин олди.

Кўргазмада турли давлат муассасаларидан, элчихоналардан меҳмонлар, санъатшунослар, музейшунослар, ўқув юрти ўқитувчилари ва талабалари иштирок этишди.

Тадбирда иштирокчилар ўзбек чавандозлик санъати ривожи ва республика эстрада-цирк коллежи фаолияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.

Охирги янгиланиш: 22.05.2018 | 22:00