08 Июнь 2018
“Ўзбекистон маданий мероси халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи халқаро Конгресси

    Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 6-8 июнь кунлари “Ўзбекистон маданий мероси халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи халқаро Конгресси бўлиб ўтказилмоқда. Ушбу нуфузли анжумандан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизнинг бой ва бетакрор маданий меросини чуқур ўрганиш ва дунё миқёсида кенг тарғиб этишдан иборат.

    Анжуман доирасида Санкт-Петербургдаги Россия этнография музейи, Россия Миллий кутубхонаси, Давлат Дин тарихи музейи, Шарқ қўлёзмалари институти ва бошқа бир қатор илмий ва маданий муассасаларда Ўзбекистонга оид кўргазмалар ташкил этилди. Шунингдек ушбу маданият масканларига юртимизнинг меъморий ёдгорликларидаги эпиграфика санъати ҳақида ҳикоя қилувчи “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” китоб-альбомлари беғараз туҳфа этилди.

    Конгресс доирасида 7 июнь куни мамлакатимиз ва хориждан ташриф буюрган олимлар иштирокида шўъбаларга бўлинган ҳолда илмий мунозаралар ўтказилди. Ушбу Конгрессга Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг ўринбосари, санъатшунослик фанлари доктори Камола Акилова модераторлик қилди. Халқаро конгрессда дунёнинг 30 ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган олимлар ва мутахассислар, йирик музейлар ва илмий марказлар вакиллари иштирок этмоқда.

 

Охирги янгиланиш: 18.06.2018 | 18:39