08 Июнь 2018
Кармана туманида “Янги авлод” ва Навоий шаҳрида “Маърифат боғи” иш бошлади

    1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан бир қатор байрамона тадбирлар бўлиб ўтди. Мактабгача таълим муассасалари, “Баркамол авлод” ижодиёт марказларида болалар эрталиклари, турли ёшдаги ўғил-қизлар иштирокида фестиваллар, концерт дастурлари ва танловлар ўтказилди. Давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан кам таъминланган оилаларга кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган лойиҳалар амалга оширилди.

    Кармана туманидаги Мир Саид Баҳром маҳалласида Янги авлод кўнгилочар боғининг иш бошлагани туман болажонлари учун бир умр эсда қоладиган қувончли воқеа бўлди. Боғнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими К.Турсунов иштирок этиб, тадбир қатнашчиларини замонавий ва янги истироҳат маскани билан самимий қутлади.

    Аҳолининг сермазмун ва мароқли дам олиши, болаларнинг бўш вақтларини кўнгилли ўтказишини таъминлаш мақсадида бунёд этилган ушбу масканда 15 та аттракциондан ташқари шинамгина кафе, ёш истеъдод эгалари учун амфитеатр, ёзнинг жазирама иссиқ кунлари тафтини босувчи, сайилгоҳга кўрк бағишлаб турган фаввора ўрин олган.

    Шу куни Навоий шаҳрида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг ташаббуси ва вилоят ҳокимлиги кўмагида ташкил этилган Маърифат боғи ҳам тантанали равишда очилди.

  Қарийб бир гектарлик боғ тадбиркор ва фаол ёшлар меҳнати билан кўркам масканга айланди. Мазкур маънавият хиёбонида рангли фаввора, китоб монументи ҳамда ёзги амфитеатр барпо этилди. Йўлаклар бўйлаб махсус ўриндиқ ва айвонлар тикланиб, атрофда ижодий ўзига хос муҳит яратилди.

  Муҳташам Маърифат боғини очиш учун рамзий тугма босилганида йўлак бўйлаб отилган мушаклар барча меҳмонларга завқ улашди.

    Тантанада вилоят ҳокими К.Турсунов сўзга чиқиб, мазкур боғ барча навоийликларнинг, айниқса, ёшларнинг энг севимли масканига айланиши, уларнинг мутолаа маданиятини ошириш ва бўш вақтларидан мазмунли фойдаланишига хизмат қилишини таъкидлади. Асосийси, ёшлар учун бундай кўркам гўшаларнинг бунёд этилиши юксак эътибор ва рағбат намунасидир.

   Тадбир доирасида жажжи болажонлар учун “Бахтли болалик” лойиҳаси ўтказилди. Вилоятдаги эстрада хонандалари ва ижодий жамоалар иштирокидаги куй-қўшиқлар барчани рақсга чорлади.

 

Охирги янгиланиш: 22.10.2018 | 17:08