11 Июнь 2018
ИСТЕЪДОДЛИЛАР МАЙДОНИ

Профессионал санъат намуналарини акс эттириш, истеъдодли талаба-ёшларни ҳақиқий ҳисобот майдонига чорлаш ва барчасига муносиб баҳо бериш фурсатлари етиб келди. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида бу йилги “Талаба-ёшлар ижодиёти” кўрик-фестивали ҳамда “Очиқ эшиклар куни”нинг каттакон очилиш маросими бўлиб ўтди. Кечани институтнинг Илмий ишлари проректори, доцент Гўзал Холиқулова очиб бериб, ижодкор ёшларга катта омадлар билан кўтаринки кайфият тиладилар. Маросимнинг бадиий кечаси ниҳоятда гўзал таассуротларга бой бўлди. Концерт дастурини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, доцент Рудакий Алламбоев “Сен менинг Ватанимсан!” таронаси билан очиб берди. Жонли ижродаги қўшиқ ва куйлар бир-бирига уланиб кетди. Хуршида Ғаффурова “Кашмирида”, Иззатуллаева Зардиана “Гўзал юртим”, Анвар Мирзаев “Нози гўзал” номли тароналари билан йиғилганларни хушнуд айладилар. Дониёр Каримжоновнинг “Араб тангоси” ёрқин ижрода куйланиб, тинимсиз олқишлар остида қолди. Миллий маънавиятимиз ҳамда бетакрор туйғуларимизни акс эттирган “Йўл бўлсин” ашуласи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нодира Пирматова ижросида куйланиб, талаба Сабина Бердиева томонидан гўзал рақс композицияси тақдим этилди.

Концертда юқори савияда ишланган турли йўналишларидаги ижод намуналари тақдим этилди. “Ниҳол” давлат мукофоти совриндори Дилшод Каримовнинг “Гномлар рақси” чолғу ижроси, Аяпберген Отегеновнинг роялда “Кариб денгизи қароқчилари” асарининг ижроси, Аббос Анваржоновнинг “Ниқоб” пластик этюди ажойиб талқинларда кўрсатилди. Айниқса, Замонавий пантомимо театри ансамбли томонидан тақдим этилган “Чироқлар шоуси” ўзгача шукуҳда намойиш этилди. Қоронғи зал ичидаги саҳнада актёрларнинг замонавий рақси барчани ҳайратга солди.

“Эстрада ва оммавий томошалар режиссёрлиги” 4-курс талабаларининг театрлаштирилган “Андижонча” рақси актёрларнинг миллий либослари, бетакрор рақс ҳаракатлари орқали ўзаро уйғунлашиб саҳнада ўзининг гўзал талқинини топди.

Концерт дастури кўтаринки руҳда ўтказилди. Маросим давомида бошловчилар кўрик-фестивалнинг ҳайъат аъзолари билан барчани бирма-бир таништириб ўтдилар. Совринга тақдим этилажак номинациялар кетма-кетлиги ҳам тантанали равишда эълон қилинди. Якуний қисмда институт мадҳияси янграб, йиғилганларнинг қалбини тўлқинлантириб юборди.

Кўрик-фестивалнинг биринчи кундаги концерт дастуридан сўнг “Драматик театр ва кино актёрлиги” 4-курс талабаларининг “Гамлет” диплом спектакли намойиш этилди. Меҳмонлар ажойиб санъат намуналаридан баҳраманд бўлишди. Кутилаётган ҳаяжонли лаҳзаларга илк қадамлар босилди. Исдеъдодлилар майдонида фақатгина кучлилар ғолиб бўлажак. Барчага муваффақиятлар ёр бўлсин!

 

Достонбек Раҳматуллаев

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият

институти матбуот хизмати котиби

Охирги янгиланиш: 22.10.2018 | 17:08