12 Июнь 2018
ОБОД ҚИШЛОҚДА КОНЦЕРТ ДАСТУРЛАРИ НАМОЙИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ дастури тўғрисида”ги 5386-сонли фармони ва “Обод қишлоқ дастурини 2018-йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Жиззах вилояти Фориш тумани Хонбанди маҳалласида “Обод қишлоқ” дастури доирасида қурилиш ва таъмирлаш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда.

Айни пайтда ўз диёрини обод масканга айлантиришда кўмаклашаётган қурилиш ва таъмирлаш ишларида қатнашаётган ҳашарчиларимиз, маҳаллада истиқомат қилаётган аҳолининг маданий хордиқ олишлари учун 2018 йил 9 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан пойтахтимиз Тошкент шаҳридан ташриф буюрган Ички ишлар вазирлиги алоҳида наъмунали кўргазмали оркестри жамоасининг концерти намойиш этилди. Даставвал концерт Хонбанди маҳалласи кўчалари, уйлари, қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудудлар бўйлаб саф тортиб қўшиқ ижро этишдан бошланди. Оркестр жамоасининг бундай ижроси ҳар бир ҳашарчи ва қурувчиларга ўзгача кайфият ва шижоат бағишлади.

Асосий концерт томошалари эса кечга бориб “Ахмат ота файз” тантаналар мажмуасида давом этди. Концерт дастурида она Ватанимизнинг тинчлигини, ободлигини тараннум этувчи қўшиқлар, рақслар билан биргаликда, хорижий тилларда куйланувчи қўшиқлар ҳам ижро этилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги оркестри жамоасининг намойиш этган концерт дастури учун туман Маданият бўлими ҳамда Хонбанди маҳалла фуқаролар йиғини барча ҳашарчи ва қурувчилар номидан ўз миннатдорчилигини билдирдилар.

 

Охирги янгиланиш: 18.06.2018 | 18:39