13 Июнь 2018
Қозоғистонда “Самғау” VI Халқаро театрлар фестивали доирасида “Кўчки” спектакли

Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган “Самғау” VI Халқаро театрлар фестивали доирасида Қирғизистон, Қозоғистон ва Татаристон театрлари ижодкорлари ўз спектаклларини намойиш этиб келишмоқда. Айниқса, М.Рисқулов номидаги Норин (Қирғизистон) вилояти Академик мусиқали драма театри жамоаси томонидан Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигувлик кун” асари асосида саҳналаштирилган спектакли барчага манзур бўлди. Спектаклда ўтмиш билан замонавийлик уйғунлаштирилган. Режиссёр С.Раев мазкур спектаклни катта маҳорат билан саҳналаштирганлиги, ҳар бир актёр ўз ижросини аниқ ва равшан ифода этганлигини мутахассислар томонидан таъкидлаб ўтилди.

Фестиваль доирасида ҳар куни иштирокчилар учун мастер класслар олиб борилмоқда. Унда Самарқанд вилоят мусиқали драма театрининг ижодколари ҳам вокал, саҳна нутқи ва саҳна ҳаракати бўйича ўз билим малакаларини оширишмоқда. Шуниси диққатга сазоворки, ҳар бир спектакль намойишидан сўнг, мутахассислар иштирокида спектакллар муҳокамаси бўлиб ўтмоқда. Унда намойиш этилаётган спектакллар хусусида, мутахассислар томонидан уларнинг бадиий савияси ва актёрларнинг ижроси ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирилмоқда. Самарқанд вилоят мусиқали драма театри жамоаси “Кўчки” спектаклини 15 июнь куни ҳакамлар ҳайъатига намойиш этишади.

 

Охирги янгиланиш: 19.08.2018 | 12:09