14 Июнь 2018
“КУЛОЛ” СПЕКТАКЛИ НАМОЙИШ ЭТИЛДИ

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида анъанавий “Талаба-ёшлар ижодиёти” кўрик-фестивали ҳамда “Очиқ эшиклар куни” давом этмоқда. Фестивалнинг учинчи куни институтнинг Ўқув театрида “Қўғирчоқ театри актёрлиги” таълим йўналиши 4-курс битирувчи талаба-ёшларининг “Кулол” номли диплом спектакли намойиш этилди.

Саҳналаштирувчи режиссёр курснинг бадиий раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатухулла Хўжаев, пьеса муаллифи “Театр санъати” мутахассислиги 1-курс магистранти Сирожиддин Рустамов билан ҳамкорликда инсонни кенг мушоҳадага чорловчи мавзуга қўл уришган. Спектаклда ноёб ва қадимий касб саналмиш кулолнинг меҳнати кўрсатилиб, она замин бағрида яшаб, тупроқни қадрлаш ғояси илгари сурилган. Фалсафий-дидактик жиҳатдан изчил танланган воқеалар ривожланиб, томошабинларни таъсирлантиради. Асар учун танланган фольклор қўшиқлар ва рақслар миллий урф-одатларимиз, асрий анъаналаримизни ёшлар онгига сингдиради. Кулолчилик касбининг халқона меҳнат билан қоришиб кетганлигини, кулолнинг ҳаёти, яшаш тарзи, инсоний кечинмалари ўзи каби ҳалолликка ва заҳматга йўғрилганлиги тасвирланди. Талаба Улуғбек Мусинов бош ролни маромига етказиб ижро этди. Ҳақиқатан, саҳнада ҳақиқий кулолнинг қиёфаси кўрсатилган. Актёрлар Ислом Бердимуродов, Шаҳноза Набиева, Акбар Нурсаитов, саҳна орти ёрдамчилари Нодирбек Аъзамов, Аббос Анваржоновларнинг маҳорати, ўқув йиллари мобайнида устозлардан олган билимларини саҳнада намоён этишди. Гўзал ижролар, ёшларнинг соф муҳаббат талқини, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кучли конфликтлар, кулолчилик меҳнати орқали тириклик фалсафаси, яъни инсонни тупроқдан яралганлиги, шу боис ҳам она заминни улуғлаб яшаш лозимлиги акс эттирилди.

Спектакль бадиий ва декоратив мазмунга бой бўлиб, рассомлар Алишер Тўлабоев, Нигора Фахриддинова, дизайнер Ирода Баҳромова, мусиқа безакчилари Элдор Турсунов, Шаҳзодбек Диёровларнинг маҳоратли ёндашуви кўзга ташланди. Саҳнадаги қўғирчоқларни жонлантиришда педагоглар Венера Юсупова, Равшан Ўтагановларнинг хизматлари катта бўлган. Мароқли томошага кичик ёшдаги болалардан тортиб, профессор-ўқитувчилар ҳам жалб этилди.

Муҳокама жараёнида кўрик-фестивалнинг ҳайъат раиси Ўзбек миллий академик драма театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Маъсудов профессионал режиссура, мазмунли асар ҳамда актёрларнинг бетакрор ижроларига алоҳида тўхталиб, битирувчи талаба-ёшларни катта ҳаётга мана шундай гўзал ва мазмунли саҳна асари билан қадам қўяётганлиги билан табриклаб ўтдилар.

“Кулол” спектакли истеъдодлилар майдонидаги анъанавий “Талаба-ёшлар ижодиёти” фестивали доирасида тақдим этилаётган бетакрор саҳна асарлари қаторига киради. Бугун улғайиб келаётган ёш авлод дунёсини тарбиявий жиҳатдан мазмунли асарларга бойитиш анъаналари давом этаётган бир пайтда “Кулол” спектакли ўзининг асл томошабинларини албатта топажак. Ижодкорларга муваффақиятлар тилаб қоламиз!

 

Достонбек Раҳматуллаев

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият

институти матбуот хизмати котиби

 

Охирги янгиланиш: 15.10.2018 | 11:56