14 Июнь 2018
Самарқанд шаҳридаги айрим қурилиш ишлари бўйича АХБОРОТ

Сўнги кунларда Интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” номи билан киритилган ҳудудда айрим объектлар бузилиб, янги объектлар қурилаётгани тўғрисида ахборотлар тарқалди.

Ушбу хабарлардан сўнг, зудлик билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасининг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бўйича давлат инспекцияси (кейинги ўринларда – давлат иснпекцияси) томонидан масала жойига чиқиб ўрганилди.

Ўрганиш натижаларини инобатга олиб, қурилиш ишларига қонуний баҳо бериш ва уни белгиланган тартибда тўхтатиш мазмунида Давлат инспекцияси томонидан 2018 йил 6 июнь куни Самарқанд шаҳар прокуратурасига мурожаат этилди.

2018 йилнинг 13 июнь куни Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси ишчи гуруҳи масалани жойига бориб қўшимча ўрганди. Улар тегишли мутасаддилар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашиб, қонун ҳужжатларида белгиланган қоидалар тушинтирилди.

Бу масала алоҳида назоратга олинди. 2018 йил 14 июнь куни, соат 12.00да олинган тезкор ахборотга кўра, объектда қурилиш ишлари яна бошлангани маълум бўлди.

Шундан келиб чиқиб, масалага қонуний баҳо бериш ва белгиланган тартибда қурилиш ишларини тўхтатиш юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси ва тегишли суд органига Давлат инспекцияси томонидан мурожаат (даъво аризаси) тайёрланмоқда.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ўзбекистон Республикасидаги ҳудудларни муҳофаза қилиш тўғрисида” 2018 йил 9 июндаги 435-сон қарори қабул қилинди. Ушбу қарорнинг 4-бандида Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган мамлакатимиздаги тегишли ҳудудлар (объектлар) алоҳида муҳофаза қилинадиган ҳудудлар сифатида эътироф этилди ҳамда уларда режалаштирилган барча қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан белгиланган тартибда аввалдан келишилган ҳолда амалга оширилиши шартлиги белгиланди.

Ушбу масалалар юзасидан “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
9-моддасида маҳаллий давлат ҳокимяти органлари ваколатлари белгиланганлигини инобатга олиб, Самарқанд вилояти ҳокимлигига бу ҳақда хабар берилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 64-моддасида моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш бўйича маъмурий жавобгарлик, шунингдек, Жиноят кодексининг 132-моддасида моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказганлик бўйича жиноий жавобгарлик белгиланган.

 

Давлат инспекцияси

Охирги янгиланиш: 18.06.2018 | 18:39