06 Июль 2018
Умидли талабанинг истеъдодлари

   Ҳар қандай мамлакатнинг келгуси ҳаёти ва тақдири фидокор халқ, ташаббускор салоҳиятли инсонлар, баркамол авлод, билимли, кучли ва бахтли ёшларнинг бирдамлиги мезонига қурилажак. Шу сабаб бугун мустақил диёримизнинг ҳар жабҳасида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳар ташаббусида фидойи шахс тарбиясига жиддий эътибор қаратилиб, ўсиб келаётган ёш авлоднинг бахтли ҳаёти, порлоқ келажаги йўлидаги собит қадамлар ташланмоқда.

  Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти баркамол авлод тарбиясида маҳорат ва истеъдод сарчашмаларининг шаклланишига, асрий устоз-шогирд анъанасининг бардавомлигига ҳамда илму ижод йўлидаги янгиликлар, инновацион ёндашувларга бўлган талабларни кучайтириб, жамиятимизга етук кадрларни тайёрлашни ўз олдига олий мақсад қилиб қўйган. Институтнинг “Халқ ижодиёти” факультети “Ижтимоий маданий фаолият” таълим йўналиши 2-курс талабаси Жумагул Нишонова ҳам ўзининг эришган ютуқлари билан истеъдодли ёшлар қаторидан жой эгаллади. Талаба 2014 йили “Ораста қизлар даврасида”, “Биз буюк юрт фарзандларимиз!” фестивали доирасидаги “Президент асарлари билимдони”,“Юрт келажаги”, “Диплом билан бизнесга” сингари Республика кўрик-танловлари ғолибаси бўлиб, махсус дипломлар ҳамда рағбатлантирувчи совғалар билан тақдирланган. Худди шу йили Жумагул Нишонова ўз интилишлари, ижтимоий жабҳадаги фаоллиги билан Ўзбекистон Либерал демократик партияси томонидан таъсис этилган “Ишбилармон талаба 2014” стипендияси соҳибаси бўлди. Ўзининг долзарб мавзудаги илмий-публицистик мақолалари билан турли конференцияларда қатнашиб келмоқда.

 

 

 

   2018 йили мамлакатимизда илк бор Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи муассислигида Ёш ижодкорлар кенгаши томонидан ўтказилган “Бойсун баҳори” Республика фестивалида публицистика йўналиши бўйича фаол иштирок этиб, олий ўринни қўлга киритди. Ўзининг ижодий ютуқлари билан биргаликда илмий фаолиятни бараварига олиб бораётган талаба диншунослик бўйича Республика фан олимпиадасида муносиб қатнашиб, фахрли учинчи ўринни эгаллади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг жорий йилдаги энг йирик лойиҳаларидан бири бўлмиш “Ёш китобхон” кўрик-танловида ўз маҳоратини намоён этиб, Тошкент шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритди. Ушбу ютуқлар муҳтарам Президентимиз кўзлаган улуғ мақсадларга етишиш йўлидаги талаба қизнинг саъй-ҳаракатларини белгилаб, атрофдаги ёшларга ҳам ўрнак бўла олади.

   Жумагул Нишонова адабиётга ҳам чин қалбдан меҳр қўйган ёшлардан бўлиб,ҳикоянавислик ҳамда драматургия соҳаларида қалам тебратиб келмоқда. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан Республикада ташкил этилган драма тўгараклари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларида саҳналаштириш учун мўлжалланган кичик ҳикоялар инсценировкаларини тўплам ҳолида нашрга тайёрлади. Жаҳон ва ўзбек адабиётининг сара намуналарини драматургик қонуниятлар асосида маҳорат билан инсценировкага айлантирди. Мазкур тўплам адабиёт ва санъатга қизиқувчи барча ҳаваскор истеъдодли ёшларимизни ўзидаги маҳоратларини босқичма-босқич ошириш учун хизмат қилади.

 

 

 

 

   Ёшлик, шижоат, қизғин ижод, янгидан янги орзулар ва аниқ мақсадларни ўзига белгилаб олган Жумагул Нишонова она юртнинг порлоқ келажаги, мустақил Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиб, келажакда баркамол инсон, танлаган соҳасида етук кадр бўлишга сидқидилдан ҳаракат қилмоқда. Умидли,истеъдодли талабанинг олдиндаги фаолиятига янада улкан муваффақиятлар тилаймиз!

Охирги янгиланиш: 16.07.2018 | 21:18