06 Июль 2018
ТУРКМАНИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ ХОРАЗМ ВИЛОЯТИДА

     Ўзбек ва туркман халқлари азалдан бир дарёдан сув ичиб, тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаб келган. Халқларимизни ягона тарих, муштарак маданият ва қадриятлар, ўхшаш тил ва урф-одатлар бирлаштириб туради. Ўзбек ва туркман халқларини бир-бирига боғлаб турадиган тарих, маданият ва урф-одатлар халқларимизнинг умумий мулкига айланган. Бу яқинлик маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ривожида мустаҳкам асос бўлмоқда.

   Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан жорий йилнинг 23-24 апрель кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлган эди. Ташриф доирасида савдо, иқтисодий, транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги, маданият, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор ҳужжатлар имзоланган эди.

   Кеча Хоразм вилоятига Туркманистон Республикасидан шоирлар, олий ўқув юртларнинг илмий ходимлари, кинемотографлар, маданий марказлар, ОАВ ҳодимлари,  музей ва  бошқа ташкилотларнинг вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди. Меҳмонларни Хоразм вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари С.Салаев ва Шовот тумани ҳокими Х.Юсуповлар Шовот туманида кутиб олишди. Икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида делегация аъзолари Урганч туманидаги “Ўзбек-Туркман” дўстлик уйи ва “Улли ҳовли” ёдгорлик мажмуасида ҳамда Урганч шаҳридаги “Ёшлар маркази”да бўлдилар.

 

 

 

- “Улли ҳовли” ёдгорлик мажмуасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, бинонинг асл тарихий ҳолати сақлаб қолинган. 20 ўринли меҳмонхона, туркман ўтовлари, отхоналар, хуллас, сайёҳлик ва зиёрат туризми учун барча шароит яратилган экан, - дейди Туркманистон қахрамони Гўзал Шоқулиева. Ўйлайманки, ҳамкорлик, ўзаро тажриба алмашиш жараёнида бизнинг дўстлик-ҳамкорлик алоқаларимиз янада мустаҳкамланади.

 

Бугун меҳмонларнинг Хива шаҳрига ташриф буюриши режалаштирилган.

Охирги янгиланиш: 16.07.2018 | 21:18