11 Июль 2018
Эзгуликни тараннум этувчи фестиваль

        Қўғирчоқ намойишлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида азалий анъаналардан бири ҳисобланади. Ўрта асрларда шовқин, одам гавжуд майдонларда, бозорлар ва сайлларда халқ учун қўғирчоқ театри намойишлари ўтказилган. Соддагина юзаки ясалган минбарга ёпилган парда ортида оддий халқ ҳаёти, бойлар ва камбағаллар, шунингдек, севишганларнинг садоқати ва дўстлик ҳамда хиёнат ҳақидаги кичик-саҳна кўринишлари намойиш этилган.

     Ўзбекистонда қўғирчоқ театри анъаналари эрамиздан аввалги VI-IV асрга, Аҳамонийлар ҳукмронлиги даврига бориб тақалади. Бироқ, қўғирчоқ театри XIV асрга, Амир Темур ҳамда Темурийлар ҳукмронлиги даврига келибгина кенг тарқала бошлаган. Ипли қўғирчоқ ҳамда қўлқопли қўғирчоқ театрлари алоҳида оммабоп бўлган. Қўғирчоқ театри намойишлари бугунги кунда ҳам Ўзбекистондаги театр санъатида ўз ўрнини сақлаб келмоқда.

   9 июль куни пойтахтимизда барча вилоят  қўғирчоқ театрларининг анъанавий ўтказилиб келинаётган кўрик фестивалининг очилиши бўлиб ўтди.

    Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Ўзбекистон халқ артисти  Озодбек Назарбеков очиб берди.  У ўз нутқи давомида қўғирчоқ театрининг нафақат болалар тафаккурини шакллантиришда, балки халқ дардини, муаммоларини ва яшаш тарзини акс эттиришда бевосита муҳим аҳамиятини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси театр арбоблари уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов сўзга чиқиб  ўзбек театри  тарихи, бугунги куни ва келажаги ҳамда  кўрик-фестивалнинг ташкиллаштирилиши ҳақида тўхталиб ўтди.

 

        Кўрик-фестивални 10 июль куни Жиззах вилоятининг қўғирчоқ театри “Виртуал дунё” деб номланувчи спектакли билан бошлаб беришди.

     Ўзбекистон Давлат қўғирчоқ театрида беш кун мобайнида давом этадиган қўғирчоқ театри кўрик фестивалига пойтахт аҳолиси ва меҳмонлар ташриф буюришиб, вилоятлардан ташриф буюрган артистлар санъатидан баҳраманд бўлишлари мумкин.

       Фарзандларимизнинг ҳар томонлама етук бўлиб улғайишларида қўғирчоқ-ўйинчоқларнинг ўрни беқиёс. Бола унда ўзининг эзгу тимсолини яратади, келажагини, орзу-умидларини намоён этади. Халқ эртакларини эшитиб ўсган ҳар бир бола қалбида эзгулик, ватанпарварлик, миллатига, халқига бўлган муҳаббат такомиллашиши шубҳасиз, албатта.

 

            Кўрик-фестивалда намойиш этиладиган замонавийлик ва миллийликни уйғунлаштирган ҳар бир қўғирчоқ спектакллари ҳам болалар қалбига йўл олиб, уларга нима яхшию, нима ёмонлигини кўрсатиб бериши шубҳасиз.

     Кўрик-фестиваль 12 июлга қадар давом этади. Шу кун якунида намойиш этилган спектакллар муҳокамаси бўлиб, вилоят қўғирчоқ театрлари иши ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади.

         Фестивалнинг сўнгги кунида 13 июль куни Ўзбекистон давлат қўғирчоқ театри биносида “Ўзбекистон қўғирчоқ театрлари: кеча ва бугун” номли илмий-амалий конференция ўтказилиши режалаштирилган.

      Илмий-анжуманда қўғирчоқ театри фаолиятидаги мавжуд муаммолар ва муҳокама этилиши зарур бўлган масалалар, шунингдек, унинг истиқболли келажаги ҳақида фикрлар алмашиш ҳамда ёш санъаткорлар учун устозларнинг маҳорат дарслари режалаштирилмоқда. Илмий анжуман сўнггида кўрик-фестивал натижалари эълон қилиниб, ғолиблар тақдирланади. 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 16.11.2018 | 23:05