12 Июль 2018
Маданият вазири Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг директорларини лавозимга ўзи тайинлайди

Бугун Ўзбекистон давлат консерваториясининг катта залида Маданият вазири Б.Сайфуллаев Республика болалар мусиқа ва санъат мактаблари директорлари билан мажлис ўтказди.

Мажлис кенг кўламли, долзарб масалалар, муаммоларга бағишлангани ҳамда танқидий таҳлил асосида олиб борилганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 августда Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида халқ артистлари ва бошқа таниқли адабиёт ва санъат намояндалари, шунингдек, сўз усталарини болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда ижодий марказлар билан ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиш вазифаси белгилаб берилган эди. Белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари директори лавозимига ижодкор зиёлилар, яъни “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти", "Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби", “Ўзбекистон Республикаси халқ хофизи”, "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист", "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими", "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" каби шарафли номга эга бўлганлар лавозимларга тайинланди.

Бундан "Устоз шогирд" мактабларини ташкил этиш, асл миллий мусиқа ва санъат меросимизни ёш авлодга етказиш, уларда маданиятимиз, қадриятларимиздан фахрланиш ҳиссини ошириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш каби натижаларга эришиш кўзланган эди.

Шуни таъкидлаш жоизки, вазирликнинг тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда келишилган қўшма қарори асосида ҳар бир болалар мусиқа ва санъат мактабларига директор ўринбосари лавозими ҳам жорий этилди. Лекин, афсуски, ушбу масъулиятли вазифадан бўйин товлайдиган ёхуд уни сидқидилдан бажармайдиган баъзи ижодкорларимиз Президентимизнинг ишончларини кўр-кўроналик билан поймол қилишаётгани вазир томонидан ўта оғриқли ҳол сифатида таъкидланди. Вазият шу тарзда давом этса, мусиқа ва санъат соҳасида қандай қилиб яхши кадр етишиб чиқади? Улар билим ва ўрнакни кимдан олади?

Бу масаланинг ечимини топиш мақсадида вазир эндиликда болалар мусиқа ва санъат мактабига директор ва унинг ўринбосарларини ўзи тайинлашини ҳамда уларнинг фаолияти мунтазам назорат қилишини айтиб ўтди.

Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг биноси, ҳудуди, жиҳозлари фақат мактаб фаолияти ва ўқувчилар учун хизмат қилиши лозимлиги қатъий белгиланди. Бу масаланинг кўтарилишига сабаб мусиқа ва санъат мактаблари биноларининг бир қисми жиҳозлари билан биргаликда бошқа ташкилотлар учун фойдаланишга топширилгани ва бунинг натижасида ўқувчилар дарс машғулотларини керакли жиҳозларсиз ўтказаётганликлари бўлди. Вилоятларда Президентимизнинг болалар мусиқа ва санъат мактабларига қаратаётган эътиборлари, замонавий мебель жиҳозлари билан тўлиқ таъминлаб бераётганларини суиистеъмол қилган ҳолда мактаб биносини суд-ҳуқуқ органлари ташкилотларига ижарага берилиши, болаларнинг кўз ўнгида суд жараёнлари ўтказилиб, жиноятчиларнинг кишанлаб олиб чиқиб кетилиши қайси мантиққа тўғри келади? Мусиқа учун мўлжалланган махсус хоналар кимнинг манфаатлари учун хизмат қиляпти? Санъат соҳасида бу каби ҳолатларни кўриб, шу муҳитда таълим олган бола қандай мутахассис бўлиб етишади? Бу саволларга жавоб бериш албатта, энг биринчи раҳбарнинг зиммасида. Муҳтарам Ш.Мирзиёев раҳбарларга адолатли, тўғри бўлиш кераклигини бежиз уқтираётганлари йўқ. Болаларни тарбиялаш, айниқса, уларга санъат ва маданият соҳасида таълим бериш нозик ёндашувни талаб қилади. Юқоридаги ақл бовар қилмас вазиятлар вақтида ўнгланмаса, таназзулга олиб боради.

Мавжуд муаммоларга тўхталиш билан биргаликда, қатор таклифлар илгари сурилди. Жумладан, Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев жорий йилнинг 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига қилган ташрифи чоғида “Достончилик ва бахшичилик – миллий ғуруримиз. Унинг замиридаги эзгу қадриятларни халқимизга етказиш лозим. Бахшичилик мактаби халқ оғзаки ижодининг ноёб дурдоналарини асрашга, уни ривожлантиришга, бахшиларнинг обрўсини кўтаришга хизмат қилиши керак” – деган таъкидлари ўлароқ, ушбу санъатни ривожлантириш устувор масала бўлиб турибди. Шу мақсадда, вазир болалар мусиқа ва санъат мактабларининг айримларида янги ўқув йилидан бахшичиликка ихтисослаштирилган синфларни очиш таклифини ўртага қўйди.

Соҳадаги яна бир эътибор қаратадиган муҳим масала сифатида бугунги кунда мусиқа асбобларини созлаш бўйича мутахассис кадрларнинг етишмаслиги тилга олинди. Б.Сайфуллаев Япониянинг йирик ишлаб чиқарувчи трансмиллий компанияси “Yamaha” билан ҳамкорликни йўлга қўйгани ва компания томонидан 3-6 ойлик курслар ташкил этилиб, мусиқа асбобларини созлаш бўйича мутахассисларни ўқитишга келишилганини маълум қилди.

Ўткир танқидий руҳда ўтган мажлисдан мансабдор шахслар керакли хулосалар чиқариб, вазиятни ижобий томонга силжитишади, деб умид қиламиз.

Охирги янгиланиш: 15.12.2018 | 15:08