12 Июль 2018
Маданият вазири тизимдаги олий таълим муассасаларида

Бугун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида абитуриентларни қабул жараёнлари билан яқиндан танишди.

Ҳар бир йўналиш бўйича ҳужжат топшираётган абитуриент ва институт ходимлари билан суҳбат олиб борди. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Маданият вазирлигининг олий таълим муассасаларида жорий этилган ижодий имтиҳонлар барча ёш истеъдод эгаларига катта совға бўлди десак муболаға бўлмайди.

Вазир институтда бу йилдан жорий этилган махсус сиртқи бўлимига қабул қилинаётган маданият ходимлари билан ҳам суҳбатлашди.

Институт ректорига махсус сиртқи бўлимига нафақат актёрлик йўналишини битирган битирувчиларни, балким турдош йўналишлар бўйича битирган диплом эгаларини ҳам қабулини ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.

Вазирнинг институтга ташрифи сўзсиз ҳужжат топшираётган айрим абитуриентлар учун катта кўмак бўлди, сабаби ҳужжатларнинг қабул вақти чегараланганлиги боис, абитуриентларга ноқулайликлар туғдираётганини айтишди, шундан сўнг вазир топшириғи билан қабул вақти узайтирилди.

Ундан сўнг, вазир Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабидаги қабул жараёнларини кўздан кечирди.

Ҳар бир йўналиш бўйича шу кунга қадар қабул қилинган ҳужжатлар ва йўналишлардаги тақсимотни кўриб чиқди. Бу ерда ҳам махсус сиртқи бўлимига алоҳида эътибор берилди.

Сўнг, Бахтиёр Сайфуллаев Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабига кўшимча ажратилган, қайта таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бинога ташриф буюрди, таъмирланиш ҳолати ишларини кўздан кечириб, муддати бўйича пудратчига тавсия ва вазифалар берди.

 

Охирги янгиланиш: 16.07.2018 | 21:18