10 Август 2018
“Ўлкамиз тарихидан лавҳалар” мавзусида кўчма кўргазма ўтказилди

    2018 йил 9 август куни Жиззах вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи Шароф Рашидов филиали ҳамда Ҳамид Олимжон ва Зулфия филиали ходимлари томонидан Жиззах санаторийсида “Ўлкамиз тарихидан лавҳалар” мавзусида кўчма кўргазма ташкил этилди.

  Тадбирда Жиззах санаторийсида фаолият юритадиган ходимлар, дам олувчилар, музей ходимлари иштирок этдилар.

  Тадбирни Жиззах санаторийси маънавий ва маърифий ишлар бўйича ходими С. Ҳазратқулова очиб берди.  У ўз сўзида музейлар тарихимиз кўзгуси эканлиги, тарихсиз келажак бўлмаслиги, юртимизнинг бой тарихи, халқимиз маънавияти, ўзига хос урф-одатларини акс эттирувчи бебахо бойлик бўлмиш ноёб ашёлар, такрорланмас экспонатлар  тарих қолдирган меросни асраб авайлаш орқали инсон онгига сингиб, уларни маънавиятини юксалтиришда муҳим ахамият касб этиши ҳақида гапириб ўтди.

   Шундан сўнг Шароф Рашидов филиали илмий ходими М.Мардонова, Ҳамид Олимжон филиали ходими И.Музаффаровалар  сўзга чиқиб, буюк давлат арбоби, эл эъзозлаган адиб Ш. Рашидовнинг босиб ўтган ҳаёт йўли, ижоди, ёзган асарлари ҳақида, халқимизнинг атоқли шоири, бахт ва шодлик куйчиси Ҳамид Олимжон ва шеъриятимиз маликаси Зулфия Исроилованинг ҳаёти ва ижоди, адабиётимизга қўшган ҳиссаси ҳақида маъруза қилдилар. Музей ходимлари томонидан кўчма кўргазма ташкил қилинди. Кўргазмада ХIХ асрга хос бўлган сўзана, палак, чилим, мис кўза, мис офтоба, мис баркаш ҳамда Ш. Рашидов, Ҳ. Олимжон ва Зулфия ҳаёти ва ижодини ёритувчи ноёб экспонатлар, китоблар, портретлар ҳамда уларга тақдим қилинган совғалар намойиш этилди. Музей ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

 

     Шундан сўнг санаторийда дам олувчилар томонидан Ҳ. Олимжон, Зулфия шеърларидан  намуналар айтилиб ёдга олинди. Музей ходимлари томонидан санаторийда дам олувчиларга Ш. Рашидов китоблари совға сифатида  тақдим этилди.

      “Ўлкамиз тарихидан лавҳалар” мавзусида ўтказилган кўчма кўргазма дам олувчиларда катта таассурот қолдирди. 

Охирги янгиланиш: 12.12.2018 | 17:50