09 Октябрь 2018
Қарши шаҳрида “Кorean Festival-2018” дўстлик фестивали бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ҳамда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда 2018 йил 4-5 октябрь кунлари Қарши шаҳрида “Кorean Festival-2018” дўстлик фестивали ўтказилди.

 4 октябрь куни Қарши шаҳар ихтисослаштирилган санъат мактабида 2004-2007 йилларда туғилган ўқувчилар ўртасида “Корея ва Ўзбекистон дўстлиги” мавзусида расмлар кўрик-танлови ўтказилди. Танловда Корея ва Ўзбекистон дўстлиги акс эттирилган расмлар саралаб олиниб, ғолиблар аниқланди. Қарши шаҳар маданият ва аҳоли дам олиш марказида ўтказилган фестивалнинг тантанали очилиш маросимида танлов ғолибларига  дипломлар ва эсталик совғалари топширилди.

Корея Республикасининг “Jump” гуруҳи ва “Корё” рақс ансамбли аъзоларининг концерт дастурлари намойиш этилди. Тадбир якунида Корея кино ижодкорлари томонидан тайёрланган “Ғаройиб туш” бадиий фильми намойиш этилди. Корея бадиий фильмлар намойиши 4-5-6 октябрь кунлари бўлиб ўтди. Тадбирда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси жаноб Квон Ён У ва Қашқадарё вилоят ҳокимининг ўринбосари Б.Қодиров иштирок этдилар.


 

Охирги янгиланиш: 16.10.2018 | 18:22